Намунали фуқаролар йиғини ходимига санаторийга бепул йўлланма берилади

Ҳукумат қарори билан Фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низом тасдиқланди (485-сон, 14.08.2020 й.). Бу ҳақда ҳуқуқий ахборот канали хабар бермоқда.

Низомга кўра, фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлиги ҳар ярим йиллик якуни бўйича рейтинг баҳоланади.

Баҳолаш Маҳалла ва оилани кўллаб-қувватлаш вазирлигининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан амалга оширилади.

Фуқаролар йиғинлари фаолиятини баҳолашда фуқаролар йиғинининг ҳар бир ходимининг ўз функционал вазифаларини сидқидилдан бажарганлиги ва унинг ташаббускорлигига алоҳида эътибор қаратилади.

Маҳаллада эҳтиёжманд ва камбағал оилаларни аниқлаш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилган манзилли ишлар натижаси баҳолаш кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.

Баҳолаш натижаларига кўра фуқаролар йиғинлари ходимлари ва жамоатчилик асосида меҳнат қилаётган шахсларнинг ҳар бирига:

- ярим йиллик натижалари бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,75 бараваригача бир маротаба пул маблағлари ажратилади;

- йил якуни натижалари бўйича республика ҳудудидаги санаторийлардан бирига соғлигини тиклаш учун бир маротабалик бепул йўлланма берилади.