Нарпайда автомашина уриб юбориши оқибатида уч нафар йўловчи вафот этди

Шу йилнинг 24 апрель куни соат 00:20 да Навоий вилоятида яшовчи фуқаро Б.И. ўз бошқарувида бўлган “Наво синотрюк” русумли, давлат рақами 30 696 ТАА бўлган автомашинасида Нарпай тумани Олтиўғил маҳалласида яшовчи 4 нафар фуқарони уриб юборган. Воқеа оқибатида 3 нафар йўловчи воқеа жойида вафот этади, бир нафар фуқаро тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Бугун – 26 апрель куни мазкур ҳодиса Самарқанд вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари У.Шарипов иштирокида Олтиўғил ва  Бедан маҳаллалари аҳолиси билан бирга муҳокама этилди.

Учрашувда ушбу мудҳиш йўл-транспорт ҳодисасига сабаб бўлган омилар таҳлил этилиб, йўлларда ҳаракатланишда амалдаги қоидаларга қатъий риоя қилиш лозимлиги таъкидланди, деб хабар бермоқда Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати.