Нарпайдаги Муқимий маҳалласига давлат ижтимоий буюртмаси учун 4,5 миллиард сўм ажратилган. Бу маблағ нималарга сарфланяпти?
Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан 2023 йилда давлат органларининг ижтимоий буюртмалари асосида муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш танлови ўтказилди. Танлов натижаларига кўра, Парламент комиссияси томонидан 5 та ташкилотнинг 12 миллиард 200 миллион сўмлик бешта лойиҳаси ғолиб деб топилди.
Танловда вилоятимиздан Нарпай тумани Муқимий маҳалласи аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида киритилган “Сувсиз ҳаёт йўқ” лойиҳаси ҳам ғолиб бўлиб, уни амалга ошириш учун 4,5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Хўш, ушбу маблағ ҳисобидан маҳаллада қандай ишлар амалга оширилади?
Маҳалламизда 3500 нафардан зиёд аҳоли яшайди, - дейди Муқимий маҳалласи раиси Алижон Эшонқулов. – Ҳудуддан чиқаётган сув шўрлиги учун аҳоли анча йиллардан буён ичимлик сувини сотиб олади. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида шу йил давлат гранти лойиҳасида қатнашиб, ғолиб бўлдик. Лойиҳа бўйича маҳалладаги 60-мактаб ва 9-мактабгача таълим ташкилотини ичимлик суви билан таъминлаш, 19 километрга ичимлик сув тармоғи тортиш, 1 дона резервуар (ҳовуз), 1 дона трансформатор ва 1 дона хлорлаш ускунаси қуриш режалаштирилган ва айни пайтда тармоқ тортиш ишлари бошлаб юборилган.
Муқимий маҳалласи учун ажратилган давлат буюртмаси лойиҳасини амалга оширилиши бўйича вилоятда тегишли ташкилот ва бошқарма масъулларидан тузилган ишчи гуруҳ билан биргаликда олиб борилаётган ишлар мониторинг қилинди.
Дастлаб маҳаллада ичимлик сув тармоқларини тортиш ишларини бажараётган “Narpay agro trade” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишдик.
Жорий йилнинг сентябрь ойида “Энг яхши таклиф” бўйича электрон тендерда ғолиб бўлиб, Муқимий маҳалласида ичимлик сув тармоғи тортиш ишларини бошлаганмиз, - дейди “Narpay agro trade” МЧЖ раҳбари Ислом Исматов. – Лойиҳа қиймати 4 миллиард 200 миллион сўмга баҳоланган бўлиб, бажариш муддати 295 кунни ташкил этади. Икки ойдан буён ишлар давом этмоқда ва ҳозиргача 2 миллиард 795 миллион сўмлик тармоқ тортиш ишлари бажарилди. Жорий йилнинг охиригача асосий ишлар бажарилади ва объект белгиланган муддатдан олдин фойдаланишга топширилади.
Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ичимлик суви тармоқларини тортиш ишлари ўрганилганда қурилиш корхонаси томонидан қилинаётган ишларни назорат қилиш бўйича қурилиш инспекциясига бириктирилмагани ва натижада айрим камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди.
- Маҳаллада сув тармоғи объектини тортиш ишлари бошланганига икки ой бўлган, бироқ қурилиш сифатини назорат қилиш учун объект буюртмачиси томонидан давлат рўйхатидан ўтказилмаган, - дейди вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси инспектори Улуғбек Шодмонов. – Шу боис объектнинг айрим жойларида қилинган ишлар белгиланган меъёрларга жавоб бермайди. Хусусан, траншеялар энсиз қазилган ва ичкарисида ишлаб бўлмайди, аксарият кўчаларда эса траншеялар қазилганича турибди ва тармоқ тортилмаган. Шунингдек, қувурлар остига тупроқларнинг зичланиши ҳам талабга мос эмас.
Бу камчиликлар юзасидан қурилиш ташкилоти раҳбари Ислом Исматовга мурожаат қилганимизда, ҳали ишлар тугамаганлиги, камчиликларни вақтида бартараф қилиши ва объект фойдаланишга топширилгандан сўнг бир йил кафолат беришини таъкидлади. Аммо сув тармоғи бир йилдан кейин ишламай қолса, аҳоли дардини кимга айтади? Ўрганиш якунида буюртмачи - Муқимий маҳалласи фаолларига объект қурилишини доимий назорат қилиш ва камчиликларни вақтида бартараф қилиш учун иншоотни давлат рўйхатидан ўтказиш ва жамоатчилик назоратини ташкил қилиш кераклиги тушунтирилди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.