Навоий ҳақидаги жаҳон кутубхоналари хазиналарида сақланаётган қўлёзмалар китоби

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти томонидан тўрт жилдлик «Алишер Навоий энциклопедияси» нашрга тайёрланди. (https://t.me/ANRUz/20615)
Қомусдан навоийшунослик масалалари, буюк шоир асарларининг турли йиллардаги нашрлари, уларнинг хорижий тилларга таржималари, юртимиз ва жаҳон кутубхоналари хазиналарида сақланаётган қўлёзма ҳамда тошбосма китоблари ўрин олган. Шунингдек, китобларда рассомлик, ҳайкалтарошлик, театр, кино сингари санъат турларида Алишер Навоий сиймосининг акс эттирилишига доир мақолалар, айрим лирик асарларининг илмий таҳлилларини ҳам ўқишингиз мумкин.
Унда Алишер Навоий яшаган даврда Хуросон ва Мовароуннаҳрда адабий ҳаётдаги ижобий юксалишлар, уларни юзага келтирган омиллар ҳақидаги мақолаларга кенг ўрин ажратилди. Бу эса юртимизда кечган Иккинчи Уйғониш даври – Темурийлар Ренессансининг ҳаётий қудратини идрок қилиш ва унда Алишер Навоийнинг тутган ўрнини атрофлича мушоҳада этиш имконини беради.
Китобга Ҳусайн Мирзо ҳукмронлиги остидаги Хуросон пойтахти – Ҳиротда яшаб меҳнат қилган туркий қавмлар, уларнинг ўзига хос табиати, урф-одатлари, саройда тутган мавқелари тўғрисида қатор мақолалар киритилган. Шунингдек, улуғ шоир замондошлари, дўстлари, у билан ҳамнафас ижод қилган қалам аҳли ва уларнинг ижодий йўли борасидаги изланишлар адабиёт мухлислари учун ҳамиша қизиқарли бўлган. Энциклопедияда шоирнинг оиласи, қариндош-урғи, дўстлари, мусоҳиблари, устоз ва шогирдлари, яқинлари ҳақида ҳам илмий аҳамиятга молик маълумотлар етарлидир.