Навоий қадами етган Дари-занжир мажмуаси қайта тикланди
Ўтган йил февраль ойида газета ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда “Самарқанд шаҳридаги Дари-занжир маданий мероси асраб қолинадими?” сарлавҳаси остида танқидий мақола эълон қилинган эди.
Мақолада темурийлар макон тутган, жумладан, Алишер Навоий қадами етган маскан харобага айлангани, ёдгорлик муҳофозага олинмаса, йўқолиб кетиши мумкинлиги ҳақида ёзгандик.
Вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зиёдулла Насимовнинг таъкидлашича, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган мазкур объектининг умумий майдони 70,13 квадрат метр бўлиб, мажмуа ўтган йил тўлиқ муҳофазага олинган ва реставрация ишлари олиб борилган.
– Ўтган йил Самарқандда 20 та маданий мерос объектида таъмирлаш-тиклаш ишлари бошланган, – дейди З.Насимов. – Шундан бешта иншоотда ишлар тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилди. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги Дари-занжир ёдгорлигининг устини ёпиш ва ташқи қисмини реставрация қилиш ишларига 415 миллион сўм маблағ сарфланди. Айни пайтда объектнинг ички қисмида реставрация ва консервация ишлари давом этмоқда ва тез орада мажмуа эътиборли тарихий масканлардан бирига айлантирилади.
– Дари-занжир туризм маҳалласи мақомини олган, – дейди уч йилдан бери шу маҳаллага раислик қилаётган Ҳомид Ходжаев. – Маҳалламизда 30 га яқин меҳмонхона ва учта маданий мерос объекти бор. Эсимни танигандан бери маҳалла биноси рўпарасида жойлашган Дари-занжир маданий мерос объекти йўқолиб кетиш хавфи остида эди. Ёдгорлик қайта тикланиб, ҳудудда сайёҳлар ташриф буюрадиган диққатга сазовор жойларимиз яна биттага кўпайди. Муҳими, темурийлар қадами етган, ота-боболаримиздан мерос тарихий объект сақлаб қолинди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.