Бибихоним қабрини нега очишган?
Самарқанддаги Амир Темур (Бибихоним) масжиди рўпарасидаги яна бир табаррук маскан - Бибихоним мақбараси Собиҳқироннинг гўзаллик, вафо ва садоқатда тенги йўқ завжаси Бибихонимнинг хоки билан бирга ўз бағрида не-не сир-синоатларни, турфа воқеа-ҳодисаларни яшириб ётибди.
Бир пайтлар 27 давлатни ўзига бўйсундирган, Мовароуннаҳрни дунё тарихидаги энг қудратли салтанатга айлантира олган, ҳеч кимга бўйин эгмаган улуғ соҳибқирон қалб мулкини мана шу мовий гумбаз остида мангу уйқуга чўмган соҳибжамол маликага топширган, малика ҳам бутун умрини, ҳаётини ўз хожасига – буюк саркардага бахш этганди.
Халқ ўртасида Бибихоним номи билан машҳур бўлган маликанинг асли исми Сароймулкхоним эди. Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлайи саъдайн ва мажмайи баҳрайн» асарида ёзилишича, Сароймулкхоним мўғул хони Қозонхоннинг қизи бўлиб, беш ёшида отасидан етим қолган.
Тарихдан маълумки, туркий ҳукмдорлар Чингизхон авлодлари билан қуда тутиниб, ўзларининг тахтга бўлган даъволарини ўша давр қонунларидан келиб чиқиб мустаҳкамлаганлар. Амир Темур ҳам Бибихонимга уйлангани туфайли «Кўрагон», яъни «куёв» унвонини олган.
Тарихий манбаларга кўра, Сароймулкхоним бир қанча ҳарбий юришларда ҳам Амир Темурнинг ёнида бўлган. Гарчи Амир Темурнинг бошқа аёллари бўлса-да, саркарда жуда кўп ўғил-қизлари, набиралари тарбиясини айнан Бибихонимга топширганидан, бу аёл нақадар буюк ақл-заковат, ҳусни хулқ эгаси бўлганини сезиш мумкин.
Кастилия элчиси Рюи Гонзалес де Клавихо ҳам Амир Темурнинг оиласи ҳақида сўз юритаркан, саройнинг энг буюк маликаси Бибихоним ҳақида алоҳида тўхталиб ўтади.
«Шоҳнинг катта хотини Сароймулкхоним деб аталади. Сароймулкхонимнинг саройидаги номи Бибихонимдир. У Сурия ва Эрон подшоҳи Ахинхон (Султон Қозонхон)нинг қизи эди».
Бибихоним, Амир Темурнинг никоҳига кирган пайтда йигирма олти ёшда бўлган. Бироқ у аввалги эри Амир Ҳусайндан ҳам, Соҳибқирондан ҳам фарзанд кўрмади. Шу боис Амир Темурнинг фарзандлари ва набираларидан ўз оналик меҳрини дариғ тутмади. Ҳаёти давомида Амир Темур билан биргаликда илм-фан ва маданиятга, санъатга ҳомийлик қилди.
Маълумотларга кўра, Бибихоним Соҳибқирон вафотидан кўп ўтмай, тахтни эгаллаган шаҳзода Халил Султоннинг аёли Шодимулк томонидан заҳарлаб ўлдирилган.
Бибихоним дафн этилган мақбара дастлаб унинг онаси учун қурилган эди. Салтанат можаролари, ҳаёт ташвишларидан чарчаган маликанинг руҳи эҳтимолки, то маҳшар тонгига қадар тин олишни истагандир? Аммо, Бибихонимни ҳатто қабрида ҳам тинч қўйишмаган. Унинг қабри бир неча бор очилган, руҳи безовта қилинган.
Ўзбекистон Халқ шоири Хуршид Давроннинг “Бибихоним қиссаси ёхуд тугамаган достон” асарида ёзилишича, маликанинг қабрини илк бор 1871 йили очишган. Ўша йиллари Самарқандга сафар қилган рус тарихчиси С.А.Лапин Бибихоним тобутининг тошқопқоғи устида Қуръон оятлари билан бир қаторда “Мажнуннинг ўлимидан сўнг минг йил ўтса-да, унинг кафанидан ишқ дарди таралади”, деган мисраларни кўргани ҳақида ёзиб қолдирган. Аммо чор Россияси нима сабабдан ўша йили буюк маликанинг қабрини очгани аниқ эмас. Эҳтимол, маликанинг қабрига унинг тақинчоқлари, бойлиги ҳам қўшиб кўмилган, деган фаразлар чор маъмурларининг оромини ўғирлагандир?
Иккинчи бор маликанинг қабри 1926 йилда ўғрилар томонидан очилади. Улар тобутдаги тақинчоқларни олмоқчи бўлишган. 1941 йил тобут учинчи маротаба, Амир Темур ва унинг оила аъзолари қабрлари очилган пайтда маликанинг бир жимжилоғи кесиб олинганини кўришган. Эҳтимол, ўша ўғрилар маликанинг узугини олиш учун унинг бармоғини ҳам кесиб кетишгандир?
Шундан сўнг Бибихоним тобути бир неча йил Тошкентда, Амалий санъат музейида қаровсиз ҳолатда ётган. Марҳуманинг жасадини дарҳол ўз жойига қайтариш ўша давр маъмурларидан ҳеч бирининг хаёлига келмаган. Шунда Самарқанд Тарих музейи директори Мамат Юсупов исмли зиёли жасадни ўз маконига қайтаришга қатъий бел боғлайди. Бу иш учун қанча-қанча амалдорларнинг эшигига бош уради. Ҳеч ким бу ишга амалий ёрдам бермагач, Мамат Юсупов йўл харажатлари учун эгнидаги костюмигача сотиб, тобутни Самарқандга – Бибихоним мақбарасига келтириб дафн эттиради.
Рустам Жабборов.