Маҳмудхўжа Беҳбудий қадами етган манзил йўқолиб кетадими?
Самарқанд вилоятида 130 та маданий мерос объекти йўқолиб кетиш хавфи остида турибди. Хусусан, Тойлоқ туманидаги 71 та археология ва архитектура моддий маданий мерос объектидан 17 тасининг ҳолати қониқарли, 51 таси қониқарсиз, 3 таси эса авария ҳолатида.
Жумладан, Бахшитепа маҳалласидаги XIX-XX асрларга тегишли “Бахшитепа” масжиди муҳофазага муҳтож.
Олдин бу жойларда тепаликлар кўп бўлгани ва бахшилар яшаб ўтгани ҳақида ота-боболармиздан кўп эшитганмиз, - дейди Бахшитепа маҳалласи раиси Хурсанд Исрофилова. – Бахшитепа номи ҳам айнан шундан келиб чиққан. Ўзим шу маҳаллага 2013 йилдан буён раислик қиламан. Бу ерда таниқли маърифатпарвар, драматург, жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий туғилган ва ўша йилларда “Бахшитепа” жоме масжиди қурилган. Айтишларича, ўша даврда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг отаcи бу масжидга имом бўлган. Кейинчалик Беҳбудий ҳам савод чиқарган ва диний таълим олиш учун шу масжидга келиб турган.
Афсуски, Беҳбудий қадами етган масжид ҳозир авария ҳолатида турибди ва ундан фойдаланилмайди. Объектнинг том, фасад қисмлари таъмирталаб ҳолатга келиб қолган, бино тез фурсатда муҳофазага олинмаса, унинг қолган қисмига ҳам жиддий зарар етиши мумкин. Бундан беш-олти йил олдин масжид маданий мерос объектлари рўйхатига киритилиб, таъмирланиши айтилган эди. Аммо орадан шунча вақт ўтса ҳам ҳеч қандай амалий иш қилинмади.
Ўзбек драматургиясининг асосчиси, ХХ асрнинг бошларидаги Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаракатининг йирик намояндаси ва жадидчилик ҳаракатининг раҳнамоси Маҳмудхўжа Беҳбудийни бугун кўплаб дунё олимлари тан оляпти, ижодини тадқиқ қиляпти. Наҳотки, биз буюк маърифатпарвар бобомиз яшаб ўтган, унинг қадами етган манзилни асраб-авайлаб, келажак авлодга етказа олмаяпмиз.
Халқимиз тарихи, маънавий қадриятлари ва буюк боболаримиз қолдирган меросга бефарқ бўлмаган ҳолда XIX-XX асрларга оид “Бахшитепа”, шунингдек, туманда авария ҳолатида турган “Хўжа Ориф” ҳамда “Гадой Қушчи” масжидлари ҳам муҳофазага олинса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.