Навоий сиймосига эҳтиром кўрсатилди
Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғи эрталабдан давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, ёзувчи, шоирлар, талабалар ва ўқувчилар билан гавжум бўлди.
Боғ марказида ўрнатилган Ҳазрат ҳайкали пойида буюк мутафаккир таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан тадбир ўтказилди. Унда Навоий ҳаёти, бой маданий мероси ва бугунги кунда ёшлар тарбиясидаги ўрни хусусида фикр юритилди. Ҳазрат Навоий асарлари дунё халқларининг бебаҳо маънавий меросига айлангани қайд этилди.
Самарқанд давлат университети ва Ўзбекистон-Финландия педагогика институти талабалари Навоий ғазалларидан ўқиди.
Вилоят мусиқали драма театри санъаткорлари томонидан Навоий сиймоси акс эттирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Тадбир иштирокчилари Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйди.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бекжаҳон АБДУЛЛАЕВ (фото).