Навоийдан кейин «Хамса» яратилмаганми?
Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий умумбашарий маданият хазинасидан муносиб ўрин олган ўлмас асарларини айнан она тилимизда яратиб, унинг шуҳратини бутун дунёга тараннум этди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида қайд этилганидек, “Буюк шоир ва мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади”.
Ўзбек тилида яратилган ана шундай ноёб дурдоналардан бири Алишер Навоийнинг “Хамса”си бўлиб, бу бешлик ҳақли равишда жаҳон адабиётининг энг йирик полотноларидан бири сифатида ҳар томонлама таҳлил ва тадқиққа муносибдир.
Низомий Ганжавий “Хамса”си яратилганидан кейин орадан бир аср вақт ўтиб, Амир Хусрав Деҳлавий унга жавоб ёзди ва шу билан хамсанавислик анъанасини бошлаб берди. Хусрав Деҳлавийдан кейин бу анъана бутун Шарқ дунёсида тарқалди ва жуда кўп халқларда Низомий достонлари мотиви асосида достонлар пайдо бўлди.
Хамсанавислик тарихида темурийлар даври адабиёти, айниқса, ХV аср Ҳирот адабий муҳити алоҳида ўрин эгаллайди. Бу даврда 4 та тўлиқ хамса яратилди. Булардан иккитаси Навоий ва Жомий қаламига мансуб бўлса, қолган иккитаси – Жамолий ва Ашраф Мароғий хамсалари у қадар кенг шуҳратга эга бўлмади.
Умумий тарзда олганда, фақат XV аср Ҳирот адабий муҳитининг ўзида йигирмага яқин ижодкор хамсанависликда ўз кучини синаб кўрганлар. Гарчи, бу ижодкорларнинг барчаси Низомий достонларига жавоб ёзмаган бўлсалар-да, лекин муайян достонга жавоб ёзиш билан мазкур анъанага ўз муносабатларини билдирганлар. Бу даврдаги Низомий мавзуларига мурожаат қилган ижодкорлар ҳақида ўша даврнинг мўътабар адабий ва тарихий манбалари – Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис”, Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират уш-шуаро”, Ғиёсиддин Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр” асарларида алоҳида тўхталиниши хамсанавислик анъанаси Ҳирот адабий муҳитида ижоднинг асосий устувор йўналишларидан бири эканлигидан далолат беради.
Бугунги кунга қадар олиб борилган тадқиқотларда Навоийнинг “Хамса”си учта салафи – Низомий, Амир Хусрав ва Жомий таъсирида ёзилган (айрим Ғарб олимлари тадқиқотларида эса Навоийнинг достонларида оригиналлик йўқ, каби асоссиз даъволар ҳам учрайди), деган қараш устувор бўлиб, Навоий “Хамса”си шу учта машҳур хамсанависнинг ижодига қиёсий равишда таҳлил қилинди. Аммо Навоий “Хамса”си достонларини ўз даврида деярли бир вақтда яратилган бошқа “Хамса”лар билан солиштириш ва қиёсий таҳлил қилиш амалга оширилган эмас. Шунингдек, Навоий достонларининг “Хамса” таркибидаги муайян достонига жавоб ёзган замондош шоирлар (Ҳилолий, Оҳий, Ҳотифий, Биноий)нинг асарлари билан солиштирилмаган. Ҳолбуки, Навоий “Хамса”си ўз даврида энг машҳур асарлардан бири бўлганлиги, унинг лексик қатлами тадқиқи ўша даврдаёқ бошланганлиги, Навоий ҳаётлиги даврида кўчирилган нусхалар жаҳон кутубхоналари фондида энг кўп сақланадиган нусхалардан эканлиги Навоийнинг замондош шоирлар ижодига таъсирини энг аввало хамсачилик анъаналари билан боғлиқ ҳолда текширишни тақозо этади.
Низомий бешлигига форс-тожик адабиётида биринчи жавоб Амир Хусрав Деҳлавий, ўзбек адабиётида эса Алишер Навоий томонидан амалга оширилди. Бу икки муаллиф хамсанависликка муносабат билдираётган биринчи ижодкорлар бўлганликлари учун анъананинг барча шартларига амал қилдилар. Хусусан, олдиндан белгилаб берилган мавзу ва шеърий ўлчовларни тўлалигича сақлаб қолдилар. Деҳлавийдан кейин форс-тожик адабиётида Хожу Кирмоний, туркий адабиётда эса Навоийдан кейин Ҳамдуллоҳ Ҳамдийлар “Хамса” достонлари мавзулари ва шеърий ўлчовларини ўзгартирдилар.
Шуни алоҳида қайд қилиш керакки, Навоий “Хамса”сини яратишда фақат форсий салафлардан эмас, балки ўзигача бўлган туркий шеъриятнинг тажрибалардан ҳам ижобий фойдаланган. Жумладан, “Ҳайрат ул-аброр”да қўлланилган вазнда Навоийгача Саййид Қосимийнинг “Мажмаъ ул-ахбор” ва Ҳайдар Хоразмийнинг “Махзан ул-асрор” достонлари ёзилганлиги, “Фарҳод ва Ширин” достонидаги вазн ўлчови туркий халқлар орасида машҳур бўлган “Муҳаббатнома” қўшиғи ритмикасига мос тушишини Навоийнинг ўзи “Мезон ул-авзон”да қайд қилиб ўтгани “Хамса”лар тадқиқида туркий манбаларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатади.
Темурийлар даврида яратилган “Хамса”лар ҳақида Ўзбекистон олимлари, шунингдек, Озарбайжон, Туркия, Эрон, Тожикистон, Россия шарқшунослари томонидан салмоқли ишлар қилинган. Бу олимларнинг ишларида асосан достонларнинг матншунослик тадқиқи, ғоявий-бадиий таҳлили, поэтикаси ва образлар оламига эътибор қаратилган бўлиб, муайян давр ва аниқ адабий муҳитда яратилган “Хамса” достонлари қиёсий-типологик метод асосида таҳлил қилинмади.
Ана шундай масалаларнинг ечимини фундаментал асосда ҳал қилиш мақсадида Самарқанд давлат университетида 2017-2020 йилларда “Темурийлар даврида яратилган “Хамса”ларнинг компаративистик тадқиқи” мавзуида фундаментал тадқиқот олиб борилди. Лойиҳа доирасида 2 та мақолалар тўплами, 1 та дарслик, 1 та ўқув қўлланма, 7 та монография нашр этилди. Монографиялардан иккитаси Германиянинг “LAP LAMBERT” халқаро академик нашриётида нашр этилгани хориж мутахассисларининг навоийшунослик ҳақидаги қарашларининг янада тўлиқ бўлишига ҳисса қўшди.
Мазкур фундаментал тадқиқотнинг сарҳисоби сифатида 2020 йил 6-7 ноябрь кунлари Самарқанд давлат университетида “Темурийлар даврида яратилган “Хамса”ларнинг компаративистик тадқиқи ва уларнинг Шарқ адабиёти тараққиётидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий-назарий конференция ўтказилмоқда.
Ушбу фундаментал лойиҳа доирасида ўтказилиши режалаштирилган конференция материаллари мақолалар тўплами ҳолида нашр этилиш режалаштирилган. Мазкур тўпламда республикамизнинг атоқли олимлари ҳамда ёш тадқиқотчиларнинг мақолалари қаторида хорижий давлатлар мутахассисларининг тадқиқотлари ҳам ўрин олгани эътиборга сазовор. Бу – навоийшунослик фан тармоғи сифатида нафақат республикамизда, балки чет элда ҳам Шарқ адабиётшунослигининг устувор йўналишига айланаётганидан далолат беради. Умид қиламизки, илмий ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам самарали давом этиб, Темурийлар даври хамсачилиги тадқиқининг янги уфқлари очилишига асос бўлиб хизмат қилади.
Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,
филология фанлари доктори, профессор.