Навоийни англаш ёки кўнгил сайри
Навоий – буюк мутафаккир шоир. У ўзигача бўлган барча диний-фалсафий ва мистик таълимотларни чуқур ўрганган олимдир. Унинг ижоди ўзигача яратилган барча диний ғоялар, буюк фалсафалар, уларнинг форсий ва туркий шеъриятда акс этган талқинларини мужассам этган бўлиб, уларни янгича хассослик билан қайта тақдим этади. Унинг достон ва ғазалларида акс этган илмий-бадиий, диний-фалсафий тафаккур кўлами шу қадар кенгки, баъзи байтлар шарҳи ўқувчидан ниҳоятда чуқур билимларга эга бўлишини тақозо этади.
Навоийнинг диний таълимотларга муносабати ўзига хос. «Ҳайрат ул-аброр» достонида «Кўнгулнинг уч ҳайрати» тавсифига бағишланган бўлимда бунинг ифодасини кўриш мумкин. Уч ҳайратда, моҳиятан, Навоийнинг дин ҳақидаги фалсафий-тасаввуфий қарашларининг уйғун тарздаги мўъжаз хулосаси келтирилган. Хусусан, кўнгил-руҳнинг иккинчи ҳайратида динлар ҳақиқати очиб берилади. Кўнгил самони сайр қилиб, энг юқори оламга етиб боради:
Чун боридин юққори урди алам,
Юққориғи пояға қўйди қадам.
Кўрди ўшул хиттани бутхонае,
Ҳар бутининг ҳайъати дурдонае.
Анда не раҳбон эди, не барҳаман,
Лек бори бутлар эди сиймтан.
Ҳар бути бутгарға парастишда маст,
Ўйлаки бут саждасида бутпараст.
Мунча ғаройибғаки қилди гузар,
Айлади ибрат кўзи бирла назар.
Борчасида зикру сужуд англади,
Маърифатуллоҳға шуҳуд англади.
Юзланиб ўз ҳолида ғайрат анга,
Бирга минг ўлди яна ҳайрат анга.
Маъноси: энг юқори оламга қадам қўйганда, бутхонага кўзи тушди. У ерда на роҳиб ва на бараҳман бор эди. Фақат кумуш танли бутлар бўлиб, улар худди бутпарастлар бутга сажда қилгандек, ўзларини бунёд этган Бутларга парвона эдилар. Бу ғаройиботларга дуч келган кўнгил уларга ибрат кўзи билан қаради. Барчаси (Бутларга) сажда ва зикр билан бандлигини кўрдию динлар ҳақиқатини англади. Бу ҳолатдан бир ҳайрати минг бўлди.
Навоий фикрича, динлар турли хил бўлишига қарамай, уларнинг ҳақиқати асосида ягона Парвардигорга сиғиниш туради. Ҳатто бутпарастлик ҳам Аллоҳ таолонинг тажаллиётларидан бирига сиғинишдир, демакким, барча динлар аслида биргина Аллоҳ таолога сажда қиладилар. Шунинг учун ўзга динларни қоралаш, уларга муросасиз бўлиш нотўғридир. Шу фикр «Лисон ут-тайр» асарида тасдиқланади:
Қолмаса олам матоъидин жиҳот,
Ўзга навъ ўлғай санга ул дам сифот.
Куфр ила имонға урғайсан илик,
Бу тамаъдин очилғай бир эшик.
Чун эшик очилди не куфру не дин,
Ичкари киргач, қутулдинг барчадин.
Куфру имон роҳравга кеш эмас,
Асл йўлда банди роҳе, беш эмас.
Маъноси: Инсон феъл-атвори ва амалида Олам матосидан (материал олам қобиғида ўралашиб қолишдан) ҳеч нарса қолмагач, дунёга бошқача назар ташлай бошлайди. Куфр ва имон моҳияти ҳақида тафаккур қила бошласа, бу ҳаракатдан бир эшик (ҳақиқат) очилади. Ичкарига киргач (уни англагач), барча (мавжуд диний ва эътиқодий фарқлар, келишмовчиликлар, диний ихтилофлар) арзимаслигини тушунади. Куфр ва имон муросасизлиги Аллоҳ ҳақиқатини билиш, яъни диннинг туб моҳиятини англаш йўлида тўсиқдан бошқа ҳеч нарса эмас.
Шоир юқоридаги сатрларда бу дунё Эзгулик учун яратилгани, Парвардигор учун диний таълимотларнинг турлича бўлиши аҳамиятсиз бўлиб, инсон нафс иллатларидан қутулиб, маънан юксак фазилатлар касб этиши ва турли илмларни тараққий эттириши орқали ақлан оламнинг яратилиш моҳиятини тушуниб етиши муҳимроқ, деган ғояни илгари сургани кўриниб турибди.
Шуҳрат Сирожиддинов,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, филология фанлари доктори, профессор.