Навоийни ўқиш эмас, уқиш керак
Тўғриси, тил ва адабиёт фанлари чуқур ўргатиладиган олий ўқув юртларини инобатга олмасак, аксарият таълим муассасалари, айрим корхона ва ташкилотларда йилда бир марта 9 февраль арафасидагина навоийхонлик кечалари ўтказилади.
Кўпчилик Навоий асарларини севиб ўқийди, санъаткорлар куйга солади. Ўқувчи ва талаба ёшлар, ҳатто боғчага қатнайдиган болалар ҳам ғазал ва рубоийларини ёд олади. Аммо ҳаммаям уларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англолмайди. Ҳазрат ижодини ўқиб, уқиб ўрганиш керак.
Бу фикрлар Пушкин номидаги Самарқанд вилоят ахборот-кутубхона марказида ўтказилган китоб тақдимотида таъкидланди. Тақдимот қилинган 3 томлик китоб буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонининг мухтасар шарҳи, матн, насрий баён ва луғатни ўз ичига олган. Китоб навоийшунос олим, ёзувчи Акром Малик томонидан тайёрланган.
Тадбиркор, “Хатирчи элита” агрофирмаси раҳбари Фарҳод Раҳматуллаев саъй-ҳаракати билан ташкил этилган тадбирда муаллиф билан учрашиш истагида бўлган самарқандлик ижодкорлардан ташқари, ёзувчининг Қашқадарё ва Жиззах вилоятларидаги мухлислари ҳам иштирок этди.
- Навоийни таниш у кишининг таржимаи ҳолини ёдлашдан иборат эмас, - дейди Акром Малик. - Балки ҳазратни билиш асарларини ўқиш ва тушуниш билан амалга ошади. Навоий асарларининг тарбиявий аҳамияти беқиёс. Саволлар туғилади: нима учун Навоийни тушунмаяпмиз? Нега тушунмасак ҳам унинг китоблари чанг босиб ётмайди ва ҳар йили уларни варақлаймиз, таваллуд топган кунини нишонлаймиз? Навоийни тушиниш учун унинг асарларини тақво билан, ихлос ва муҳаббат билан ўқиш керак.
Ҳа, буни “Ҳайрат ул-аброр” достонининг шарҳига бағишланган китобларни ўқисангиз амин бўласиз.
Тадбирда 3 томлик "Ҳайрат ул-аброр" достони ва муаллифнинг "Ҳалқа" ҳамда "Жангчи" номли китоблари меҳмонларга, олий таълим муассасалари кутубхоналарига ва фаол талабаларга тарқатилди.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Ҳусан ЭЛТОЕВ (фото).