Наврўз тадбирларида ИИБ ходимлари кишиларнинг тиббий ниқобда бўлиши ва ижтимоий масофани сақлаши устидан қатъий назорат ўрнатади
Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармасида Наврўз умумхалқ байрами нишонланадиган кунларда жамоат тартибини сақлаш, ички ишлар органлари ходимлари томонидан хизмат интизоми бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди ва аниқ вазифалар белгиланди.
Унга кўра, байрам тадбирларида аҳолини кўп тўпламаслик, келувчиларнинг тиббий ниқобда бўлиши ҳамда ижтимоий масофани сақлаши устидан қатъий назорат ўрнатилади. Шунингдек йўл-патруль, пост-патруль хизмати ходимлари ҳамда профилактика инспекторлари аҳоли гавжум масканларда фуқароларнинг карантин талабларига амал қилишга чорловчи тарғибот тадбирларини ўтказади.
Муҳокама давомида тиббий ниқоб тақмай юрган фуқароларни қаттиқ огоҳлантириш, уларни ўзи ва ўзгалар саломатлигига бефарқ бўлмасликлари бўйича огоҳликка чақириш лозимлиги таъкидланди.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.