“Наврўзда қувонганлар йил давомида хуррам ва фароғатда яшайди”

Собиқ иттифоқ даврида Наврўзни диний байрам сифатида қоралашгача борилди. Ҳатто байрам санасини март ойининг охирига белгилаб, номи “Навбаҳор” деб аталди ва буни халқнинг онгига сингдиришга ҳаракат қилинди.

Шукрки, бу чўпчаклар мустақиллик туфайли жўшқин ҳаёт уммонининг қайсидир бурчакларида миллатимиз руҳияти учун ёт унсур сифатида қолиб кетди. Энди Наврўзни йилнинг бошланиши, яшариш, уйғониш даври, экин-тикинларни бошлайдиган кун сифатида нишонлаяпмиз.

Хоразмий, Беруний, Умар Хайём, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Жалолиддин Румий, Шайх Саъдий, Алишер Навоий, Фирдавсий, Фузулий, Муқимий, Фурқат каби буюк алломаларимиз Наврўз мавзусида кўплаб асарлар яратди.

Шарқ мамлакатлари ҳукмдорларининг деярли барчаси бу кунда байрам тадбирлари ташкил этишган. Бундай тадбирларда машшоқлар, фольклор жамоалари, қизиқчи-аскиячилар, дорбозлар чиқиш қилиб, чавандозу курашчилар ўзаро беллашишган, етим-есирлар, камбағаллар ҳолидан хабар олинган, катта қозонларда ош, ҳалим, сумалак тайёрланиб халққа тарқатилган. Бу кунларда давлатлар ўртасидаги урушлар тўхтатилган. Деҳқонлар, зироатчилар ерга уруғ қадаган, чорвадорлар йилқи, моли, қўй-эчкиларини дала даштларга ҳайдаган.

Тарихий манбаларда келтирилишича, Наврўзни байрам қилиш бундан тўрт минг йил аввал Эрон подшоҳлари томонидан ўша давр олимларининг аниқ астрономик ҳисоб китоблари асосида, тун ва куннинг тенглигига қараб жорий қилинган. “Наврўз” сўзининг луғавий маъноси форс тилида “янги кун”ни билдиради.

Умар Хайём ўзининг “Наврўзнома” асарида шундай ёзади:

“Йилнинг тўрт бўлаги ўтганда Наврўз бўлади ва дунёнинг ҳолати янгиланади.

Подшоҳлар йил бошида яхшиликка фатво бериш ва саналарни белгилаш ҳамда байрам учун маълум маросимлар ўтказишлари зарур. Кимки Наврўз куни байрам қилиб қувонса, кейинги Наврўзгача хуррам бўлади ва фароғатда яшайди. Подшоҳлар учун бу одатни олимлар белгилаб беришган”.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, 2009 йил сентябрда ЮНЕСКО Наврўзни жаҳон халқларининг номоддий маданий мероси сифатида рўйхатга киритди. 2010 йил февраль ойида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 64-сесссиясида ҳар йили 21 мартни “Халқаро Наврўз куни” деб қабул қилди. Бу кунни байрам сифатида нишонлаш, ушбу қадриятни бутун дунё халқларига тарғиб қилиш ташкилотнинг иш режасига киритилди.

Олламурод Исоқулов,

ЮНЕСКО қошидаги “Антик дунё” академияси доктори, профессор.