Нега ёлғон гапирамиз?
Дарҳақиқат, дунёда ёлғон айтмайдиган одам йўқ. Яшириб ўтирмайлик, деярли ҳар куни айтдик, ҳамма замонда айтганмиз, бундан кейин ҳам айтамиз. Шу боис ҳам уни йўқотиш эмас, балки камайтириш чоралари кўрилган. Шариатда Қуръонни қўлга бериб қасам ичиришган. Ҳозир эса агар ёлғон гапирса, қонун йўли билан чора кўрилиши билан қўрқитамиз.
Болалик ва ўсмирлигимизда “Чин комсомол сўзим!”, “Чин пионер сўзим!”, "Ўлайин агар..." деган ваъдалар ҳам бўларди, лекин барибир ёлғон гапирардик. Ҳозир эса қўпол қасамлар пайдо бўлди. Дарвоқе, ёлғон ибораси луғатларда “ҳақиқатга тўғри келмайдиган нотўғри гап, нарса, уйдирма” тарзида изоҳланади.
Хўш, ёлғоннинг ёлғонлигини, зарарлигини билиб туриб нега уни ишлатамиз? Тажрибамдан келиб чиқиб, ўзимча таҳлил қилдим. Ёлғоннинг асосий манбаси-манфаат экан. Бировни алдаб мақсадга эришиш, ўзимизни оқлаш, кибр, менсимаслик учун ёлғон айтар эканмиз. “Алдагани бола яхши”, чунки ўз тинчимизни кўзлаб унга ёлғон гапирамиз. Аллома Фаридиддин Аттор бу ҳолатга зўр шарҳ берган:
Гуноҳни элдан яширмоқ, жим ўтирмоқ,
Вале ундан ёмон ёлғон гапирмоқ...
Кўриб турибмиз, битта ёлғон учун ота-бола, қариндошларнинг, миллатлар ва давлатларнинг бир-бирига бир умр ғаним бўлганлари қанча. Негаки, ёлғон ўғирлик, муғомбирликдан ҳам ёмон. Манфаат ва қўрқувдан пайдо бўлган бу иллат барча кўнгилсизликларга, ишончсизликларга сабаб бўлади.
Тарихий китобларни ўқиб, боласини, дўстини, ҳамкасбини, ҳатто миллатини бир марта алдаб кўрганларнинг аҳволига бир назар солинг. Отанинг битта ёлғонини сезган фарзанд унга ҳеч қачон ишонмайди. Жамиятда ҳам шундай. Халққа ваъда бериб, уни бажармаган раҳбарга одамлар кўнглини очмайди, ишонмайди. Соат 10 да бўладиган йиғилишга бир соат олдин чақириш усули ҳам кўпчиликнинг асабига тегиб бўлди. Ёлғончи одам дўстликка ҳам, раҳбарликка ҳам, оила бошлиқлигига ҳам ярамайди, ҳаммасини барбод қилади.
Ёлғон жуда тез тарқалади, у гоҳида маҳлиёликни келтириб чиқаради. Баъзан эса обрўйимизни сақлаб туриш, ўзимизни оқлаш учун ёлғон айтамиз.
Эътибор берганмисиз, кейинги уч-тўрт йил ичида Президент Ш.Мирзиёев ўз Мурожаат ва маърузаларида бундай ёлғонларимизнинг қанчасини фош қилди. Қанчалаб ёлғон маълумотнома ва статистик ҳисоботларга барҳам берилди. Аҳоли мурожаатини ўрганишдаги ёлғон “розилик”лар, қийналган оилаларга ёрдам беришдаги ёлғон рўйхатлар, эҳ-ҳе, қанча-қанча ёлғон, сохта маълумотлар очиб ташланди. Ҳеч бўлмаса, энди кўзимиз очилар. Рост яшаш, рост гапиришга имкон яратилаётганда бу иллатдан воз кечиш йўлини қидирармиз.
Абу Райҳон Беруний “Ёлғончилик кишини адолатдан юз ўгиртиради” деб ёзган. Тағин у киши “Ёлғончиликдан четланиб, ростгўйликка ёпишган кишини бошқа одам у ёқда турсин, ёлғончининг ўзи ҳам севиб мақтайди" деган. Демак, аллома ўз авлодларининг оқил бўлишига ишонган. Ана шу ишончга муносиб бўлайлик, азизлар.
Фармон Тошев.
2020 йил, 4 октябрь.