Неолит давридан — Ислом маданиятигача: Самарқандда Шаржа амирлиги (БАА)нинг археологик топилмалар кўргазмаси очилди

Самарқанддаги «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети қошидаги Арт-Резиденцияда Шаржа амирлигининг археологик топилмалар кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, БАА Шаржа амирлиги ҳукумати ижрочи раиси Шайх Фаҳим ибн Султон Ол Қосимий, Шаржа археология бошқармаси бош директори Эиса Юсуф, БАА делегацияси вакиллари ҳамда маҳаллий мутахассислар иштирок этди.

- Шаржа қадимий тарихга эга бўлиб, ушбу ҳудудда кўплаб экспонатлар топилган,  -  деди Азиз Абдуҳакимов. - Бу топилмаларнинг 80 фоизи илк бор Ўзбекистонда кўргазмага қўйилди. Кўргазмадан БАА ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар тарихи ҳамда Шаржа Амирлигининг неолит давридан Исломгача бўлган даврига оид 170 дан ортиқ археологик топилмалар ўрин олган.

Шайх Фаҳим ибн Султон Ол Қосимий эса Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликларининг тарихи, маданияти бир-бирига жуда яқин эканлиги ҳамда экспонатларнинг аҳамияти ҳақида гапирди.

Шаржа амирлиги археологик топилмалари кўргазмасининг айнан Ўзбекистонда очилгани ўзига хос аҳамиятга эга, - деди У. - Негаки икки давлатнинг маданияти, тарихи, эътиқоди муштараклиги билан ажралиб туради. – Жумладан, Самарқанд Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашган бўлиб, у нафақат товарлар, балки ғоялар алмашинуви мажмуасидир.  Бу узоқ вақт олдин, тош асрида, инсон Африкадан чиқиб, Арабистонга келганида бошланган.  Шаржа амирлиги ҳудуди денгиз ипак йўлида жойлашган бўлиб, қадимдан бир томондан Юнонистон ва Рим, иккинчи томондан Ҳиндистон, Марказий Осиё ва Хитой ўртасида кўприк бўлиб келган. 

2020 йил Лиссабондаги Миллий археология музейида ҳам “Шаржа археологияси” кўргазмаси очилган ва Португалия музейшунослик ассоциацияси томонидан эътирофга сазовор бўлган эди. Шаржадаги Млейха археологик ёдгорлигида сарой, истеҳкомлар, уйлар ва инсонлар ҳамда ҳайвонлар қабрлари топилган. Топилмаларнинг умумий майдони 3 километрга чўзилган. Млейхадан узоқ бўлмаган ҳудудда эса археологлар олтин, кумуш, бронза, темир, фил суяги, алебастр, шиша ва бошқалардан ясалган, безатилган буюмлар ҳам топилган. Бу буюмларда қадимги Миср, Юнон, Рим, Парфия, Ўрта Осиё, Ҳиндистон маданияти изларини кўриш мумкин.

Кўргазма 22 апрелгача давом этади.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.