Ниқоб тақиб юрган, ижтимоий масофа сақлаган ва ўзини алоҳидалаганларга коронавирус инфекцияси юқиш эҳтимоли пасаяди

- Қўллар учун мўлжалланган электр қуритгич коронавирусни ўлдириши ростми?

- Йўқ. Қўллар учун электр қуритгич COVID-19 вирусини ўлдирмайди. Инфекциянинг олдини олиш учун мунтазам равишда қўлларга таркибида спирт мавжуд антисептиклар билан ишлов бериш ёки уларни совун билан ювиш шарт. Ювилган қўлларни қоғоз сочиқ ёки электр қуритгич ёрдамида қуритиш керак.

***

- Ўпкани МСКТда текшириш учун шифокорга мурожаат қилмасак ҳам бўлади?

- Ўпкани текширувини шифокор маслаҳатига кўра бажариш лозим. Мустақил равишда ўтиш тавсия этилмайди, унга кўрсатма ва қарши кўрсатма бор.

***

- Коронавирус кимларга юқмайди, агар ҳозиргача касалланмаганлар бўлса, ундан қандай сақланиш мумкин?

- Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан бу касалликка ҳамма чалиниши мумкинлиги тўғрисида маълумот берилган.

Бугунги ҳолатга тўхталсак, ниқоб тақиб юриш ва ижтимоий масофа сақлаш ҳамда имкон қадар ўзини алоҳидалаганларга юқиш эҳтимоли пасаяди ёки вирус организмга тушиши камаяди.

Одамлар билан мулоқотни чеклаган инсонларга юқмаслиги мумкин. Лекин вақт ўтиб, ҳар бир инсон ҳаёти давомида бу инфекция билан барибир тўқнашади ва шу даврда коронавируснинг касаллик чақириш қобилияти камайган бўлса, енгил кечиради.

Саволларга республика Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Шуҳрат Боймуродов жавоб берди.