Ноқонуний уй-жойлар учун мулк ҳуқуқи қандай олинади?
2018 йил 21 июнда мазкур фармон ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилиниб, белгиланган акция доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.
Мазкур низом тураржойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида жисмоний шахсларнинг қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан (яъни, ўзбошимчалик билан) қурилган якка тартибдаги уй-жойига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартибини белгилайди. Бироқ қарор талаблари кўп қаватли уйларга ва уларга туташиб кетган ер участкаларига ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга, нотураржойларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Хўш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш тартиби қандай амалга оширилади?
Аввало, жисмоний шахс (унинг қонуний вакили) бу ҳуқуқни олиш учун иморат жойлашган ҳудуддаги давлат хизматлари маркази орқали туман (шаҳар) ҳокимининг номига ариза билан мурожаат қилади. Аризага мурожаат этувчининг паспорти нусхаси, оила аъзолари ҳақида ҳамда ер участкасига эгалик қилган муддатлари ва иморат қурилган вақт тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномалари илова қилинади. Мурожаат этувчидан бундан бошқа маълумот ва ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади. Мурожаат этувчи аризани ўз имзоси билан тасдиқлайди.
Аризани кўриб чиқиш учун давлат хизматлари маркази томонидан йиғим ундирилмайди, акция доирасида тўланадиган бир марталик йиғим бундан мустасно. Мурожаат этувчи томонидан тақдим этилган ёлғон маълумотлар ёхуд унга илова қилинадиган ҳужжатларнинг тўлиқ эмаслиги аризани қабул қилмаслик (рад этиш) учун асос ҳисобланади ва аризани бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади. Ариза рўйхатдан ўтказилгандан кейин давлат хизматлари маркази ходими мурожаат этувчига ариза олингани тўғрисида тилхат беради ёки рўйхатдан ўтказган рақамини кўрсатган ҳолда ариза нусхасида унинг қабул қилингани тўғрисида тегишли ёзувни қайд этади.
Мурожаат этувчи томонидан тақдим этилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар давлат хизматлари маркази ходими томонидан сканерланади ва бир соат мобайнида тизим орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарининг туман (шаҳар) филиалларига юборилади.
Шу тариқа комиссия ишчи органи ариза келиб тушгандан сўнг 3 иш куни мобайнида мурожаат этувчининг аризасида кўрсатилган жойга чиққан ҳолда ўзбошимчалик билан қурилган иморатни ўрганиб, унинг техник планини шакллантиради. Сўнгра ушбу техник планни комиссия аъзоларига ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга электрон ҳамкорлик тизими орқали тақдим этади.
Комиссия аъзолари эса келиб тушган ариза бўйича ишни 5 кун мобайнида жойида ўрганиб, ўрганиш натижаларига кўра, кўчмас мулк объекти бўйича ўз хулосаларини комиссия ишчи органига электрон тизим орқали етказади.
Ўзбошимчалик билан қурилган иморат магистрал қувурлар, темирйўл ва автомобиль йўллари, электр қуввати узатиш ва алоқа линиялари қўриқланадиган муҳофаза зоналари, сув муҳофазаси ва санитария-ҳимоя зоналарида, шунингдек, аэродром ҳамда чиқиндилар ва бошқа заҳарли моддаларни кўмиш жойлари яқинида жойлашганда комиссия аъзолари тегишли режимли ҳудудлар ва иншоотлардан фойдаланувчи ташкилотлардан қўшимча маълумотлар (хулосалар)ни сўровнома юбориш орқали олишлари шарт. Бунда сўровномага жавоб у келиб тушган кундан бошлаб 3 календарь куни мобайнида тақдим этилиши шарт.
Ўрганиш натижалари бўйича аниқлик киритилиши лозим бўлган ҳолатлар мавжуд бўлса, улар комиссиянинг умумий йиғилишида узил-кесил ҳал қилинади. Бунда туман (шаҳар) адлия бўлими бошлиғининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш бўйича хулосаси ҳисобга олинади. Фуқаролар ўртасидаги мулкий низоларни ҳал қилиш комиссия ваколатига кирмайди, бундай низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Комиссия ишчи органи томонидан 3 календарь куни мобайнида комиссия аъзоларининг хулосаларига асосан кўчмас мулк объектини ўрганиш бўйича далолатнома расмийлаштирилади. Унда комиссия аъзоларининг хулосалари акс эттирилади ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин ёки мумкин эмаслиги, шу жумладан, иморат жойлашган ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилиши мумкин ёки мумкин эмаслиги кўрсатилади.
Мурожаат этувчининг ўзбошимчалик билан қурилган иморатига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин деб топилганда, у ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган тўлов (энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдоридаги бир марталик йиғим)ни амалга оширади.
Бир марталик йиғим тўлангач, комиссия ишчи органи 2 календарь куни мобайнида комиссия раиси томонидан тасдиқланган далолатнома асосида мурожаат этувчининг ўзбошимчалик билан қурилган иморатига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокимининг қарори лойиҳасини тайёрлаб, тасдиқлаш учун туман (шаҳар) ҳокимига тақдим этади. Мурожаат этувчи ўзбошимчалик билан қурилган иморатига мулк ҳуқуқини шу асосда қўлга киритади.
Пўлат АҲМЕДОВ,
Самарқанд шаҳри адлия бўлими бошлиғи.