Нуриддин Калонов - Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзоси
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан республикамиздаги 9 нафар ижодкор Бадиий академиянинг ҳақиқий аъзолари этиб тасдиқланди. Улар орасида самарқандлик таниқли рассом, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Нуриддин Калонов ҳам бор.
Нуриддин Калонов республикамизда рангтасвирчи рассом сифатида ном қозонган. Унинг республикамизнинг бир неча шаҳарларида ва жуда кўп мамлакатларда шахсий кўргазмалари очилган. Масалан, 2021 йилда Самарқанднинг сўлим гўшаларидан бири - Ўсматбой мадрасасида ўтказилган «Ижод сўқмоқлари» номли шахсий кўргазмасида Нуриддин Калоновнинг 500 дан ортиқ турли жанрлардаги мафтункор ижод намуналари жой олган эди.
– Ўзим туғилган жой - Самарқандда халқимиз учун меҳнатларим самарасини намойиш этиш менда ўзгача фахр уйғотади, – дейди Нуриддин Калонов. – Кўпчилигимиз чиройли манзараларнинг олдидан ўтиб кетамиз. Лекин унинг янада гўзал томонларига аҳамият бермаймиз. Биз, рассомларнинг ишимиз ўша одамларга илҳом берадиган, кўзни қувнатадиган жиҳатларни картиналарга туширишдир.