Нурободда чорва қишловига тайёргарлик қандай?

Нуробод туманидаги қоракўлчиликка ихтисослашган 6 та масъулияти чекланган жамият ҳамда 94 та чорвачилик йўналишидаги фермер хўжалиги томонидан 194 минг гектар яйловда 114 минг 655 бош қўй боқилмоқда.

Майда шохли молларни қишловдан беталафот олиб чиқиш, қўзилатиш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида 18 минг тонна дағал хашак, 5 минг 732 тонна кучли озуқа жамғарилган.

Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Нуробод туман бўлими томонидан отарларда қишловга тайёргарлик тадбирлари мониторинг-таҳлил тарзида ўрганилмоқда. 

Амалга оширилган назорат тадбирлари самараси ўлароқ, чўпон уйларининг барчасига иситиш печлари ўрнатилди, кўмир ва ўтин захираси яратилди. Чўпонлар қўл фонари, иссиқ кийим-бош ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланди. Белгиланган жадвал асосида чўпон уйларига махсус автомашиналар орқали ичимлик сув келтирилмоқда.

Шунингдек, 2021 йили туман чорвадорлари ҳар 100 бош қўйдан 70 та соғлом қўзи олишни режалаштирган. Мавжуд отарларда боқилаётган 91 минг 517 бош қоракўл қўйларидан наслдор қўзи олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги қоракўлчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларидан наслли қўчқорлар келтирилди.

“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ахборот хизмати.