Нурободнинг олис маҳалласида янги оилавий поликлиника ва спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди

Туманнинг олис ҳудудларидан бири ҳисобланган Булоқбоши маҳалласида замонавий "Сепки" оилавий поликлиникаси иш бошлади.  

Унинг очилиш маросимида Нуробод тумани ҳокими М.Бўронов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи С.Зайниев иштирок этди.

"Ташаббусли бюджет" маблағлари асосида қурилган ушбу янги поликлиника аҳолининг саломатлигини сақлаш ва касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Ҳудудда яшил иқтисодиёт, яшил энергияни ривожлантириш мақсадида мазкур поликлиникада қуёш коллекторлари ўрнатилган, бу эса муассасанинг энергия самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган ушбу

поликлиника 80 қатновли бўлиб, Булоқбоши маҳалласи ва унга туташ ҳудудлардаги 10 мингга яқин аҳолига тиббий хизматлардан фойдаланиш, зарур муолажалар олиш имконини беради.

Шунингдек, ушбу маҳаллада замонавий спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди.

"Ташаббусли бюджет" маблағлари ҳисобидан барпо этилган ушбу спорт мажмуаси таркибида 2 та мини-футбол майдони, волейбол ва баскетбол заллари, воркоут майдони ва бошқа спорт турлари учун мўлжалланган машғулот майдонлари мавжуд.