Нуронийлар жамоатчилик Кенгашига янги раис тайинланди

Вилоят ҳокимлигида шу муносабат билан ташкил этилган йиғилишда вилоят ҳокими Э.Турдимов, Республика Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятдаги давлат идоралари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, “Нуронийлар жамоатчилик кенгаши” кексалар ва фахрийларнинг бошини қовуштирадиган, уларни ёшларимизнинг таълим-тарбиясига, умуман, жамият ҳаётига фаол жалб қиладиган ташкилот ҳисобланади. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари бошлиқларининг тегишли ўринбосарлари ушбу кенгашлар раислари этиб белгиланган. Бундан ташқари, улар – Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг вилоят ҳокимликлари ҳузуридаги минтақавий бўлинмалари раислари ҳисобланади.

- Бу лавозимда ишлайдиган кишига жуда катта масъулият юклатилган, - деди вилоят ҳокими Э.Турдимов. – Албатта бу борада давлат ва жамоат арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Норбекович Нормуродов ҳеч бир муаммога ўрин қолдирмаган. Афсуски, у киши шу йил 24 апрель куни 82 ёшида вафот этди.

Ҳасан Нормуродов ишларини давом эттириш учун у кишининг ўрнига, яъни маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари лавозимига Саидаҳмад Усмонов номзодини лозим деб топдик.

Таъкидланганидек, С.Усмонов узоқ йиллар таълим тизимида турли лавозимларда муваффақиятли фаолият олиб борган. 2019-2020 йилларда вилоят халқ таълими бошқармасига раҳбарлик қилган. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг буйруғи билан Саидаҳмад Усмонов Самарқанд вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Йиғилишда сўз олганлар С.Усмоновга масъулиятли, лекин шарафли ишда улкан муваффақиятлар тилади. Ўзбекистон Қахрамони Ҳасан Нормуродов ишини давом эттириши, у кишига муносиб издош бўлишига ишонч билдиришди.