Ўқувчиларнинг ҳарбийликка ҳаваси баланд
Юртимиз бўйлаб “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни ҳарбий хизматга бўлган қизиқишларини оширишга қаратилган тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
Шундай тадбирлардан бири “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша” шиори остида Самарқанд шаҳридаги 57-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилди.
Унда Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳаво ҳужумида мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари ҳарбий қисмининг офицерлари ҳаётий мисоллар орқали ёшлар қалбида ҳарбийликка бўлган ҳавасни уйғотди.
Тадбирда замонавий ҳарбий хизматчи қандай бўлиши кераклиги, билим ва кўникмага эга ёшлар ҳарбийликка танлаб олиниши ҳақида тушунчалар берилди.
- Бу сафарги тарғибот тадбирлари ташкилий жиҳатдан олдингиларидан маънан ва мазмунан фарқ қилади, - дейди ҳарбий қисмнинг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича органи подполковниги Бахтиёр Маҳкамов. – Энг муҳими, мактабларда бу каби учрашувларни ўтказиш орқали, айниқса, юқори синф ўқувчиларида бошланғич ҳарбий тайёргарлик кўникмасини шакллантиришга эришамиз.
Шунингдек, Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳаво ҳужумида мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари ҳарбий қисмида ҳам юқоридаги шиор остида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси тадқиқотчиси С.Элмуродов ҳарбий хизматчиларнинг қизиқтирган саволларига жавоб қайтарди.
Ҳусан Элтоев.