Очлик эълон қилган тадбиркор соппа-соғ, вафот этмаган
2019 йилнинг июль ойида Бухоро вилояти прокуратураси томонидан фуқаро Раҳим Ходжаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, суднинг ажримига асосан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олингани ҳақида хабар берган эдик.
Ижтимоий тармоқларда фуқаро Раҳим Ходжаевнинг унга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасидан норози бўлиб, очлик эълон қилганлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.
2019 йил 23 сентябрь куни интернетдаги сайтларнинг бирида фуқаро Раҳим Ходжаевнинг очликка чидай олмай қамоқхонада вафот этгани тўғрисидаги маълумот эълон қилинган.
Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ушбу маълумот асоссиз бўлиб, Раҳим Ходжаев ҳозирда вилоят ИИБ жазони ижро этиш бўлимига қарашли тергов ҳибсхонасида сақланаётгани ҳақида маълум қилди.
"Раҳим Ходжаев соппа-соғ ва озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилмоқда", дейилган бошқарма хабарида.
У билан вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан суҳбат ўтказилган.