Одамлар оқилларга эргашади ёки давлат арбоби Назир Ражабов сиймосига чизгилар

Халқимизда дунё яхши инсонларга суянади, деган гап бор. Аммо бу яхшилар орасида ҳам Худо назар қилганлари, иқтидорли ва ноёб заковат эгалари мавжуд. Ўша давр шароитига кўра, кўп болали оддий деҳқоннинг фарзанди, қирқ беш ёшидаёқ вилоятнинг биринчи раҳбари, мамлакат ва республика давлат мукофоти соҳиби бўлган Назир Ражабов ана шундай мўъжизавий хислатли инсонлардан бири эди.

 Аммо бу кишининг улуғлиги аслида бошқа хислатида. Уни ҳақиқий етакчи, тўлақонли раҳбар, инсоний фазилатлар жам бўлган инсон сифатида кўриш мумкин. Узоқ вақт ишламай юрганига қарамасдан, Наманган ва Самарқанд вилоятларида яшовчи катта ёшдагилар, бир марта бўлса-да, у киши билан муносабатда бўлганларнинг аксарияти ҳалигача Назир акани йўқлашади ёки давраларда гапириб туришади.

 Эсимда. 1987 йилнинг октябрида вилоят партия қўмитаси зали масъул ходимлар ва фаоллар билан тўла. Тўпланганларга вилоятнинг янги биринчи раҳбари таништирилди. Минбарга гавдаси ҳам, кўриниши ҳам, либослари ҳам кўркам инсон чиқди. Аввал ўзини таништириб, кейин рўйхат бўйича ҳар биримиз билан танишди. Бу инсон “Эсдан чиқарманглар, мен мана шу битта рўйхат орқали чеҳрангизга қараб, ҳар бирингизни эслаб қолдим”, деди. Табиийки, биз бу гапга ишонқирамадик, аммо ҳақиқий муносабатларда бу инсон очиқ, тўғрисўз ва хотираси кучли эканига ишонч ҳосил қилдик.

 Янги раҳбар ҳеч қандай қоғозсиз, ортиқча ҳаракатсиз, залдагиларнинг ҳолатига қараб сўзлади: оддий, тушунарли, энг муҳими, юрагидан гапирди. Бундай пайтда расмий миннатдорчиликларга ўрганиб қолганлар ҳайратини яшира олишмади. Гўё биз билан суҳбатлашарди, чунки нутқида ўзининг биринчи раҳбарлигини билдирадиган ишора ҳам йўқ. Аксинча, ҳаммани самимий муносабатда ишлашга чорлади, муаммоларга биргалашиб ечиб топишга чақирди. Менинг эсимда қолгани шуки, Назир ака шундай чиройли, бадиий ва халқ ибораларини қўллади, бу эса унинг кўп газета ва китоб ўқиганини кўрсатиб турарди. Ҳатто сўзининг охирида раҳбарларга ҳамма матбуот ва телевизорни кузатиб бориши, китоб ўқиши зарурлигини таъкидлади.

 Хуллас, эртасигаёқ вилоятда янги раҳбарнинг очиқлиги, билимдонлиги, адолат томонида эканлиги, камтарлиги ва аҳоли билан муомаладаги ибрати одамлар ўртасида тарқаб кетди. Бинобарин, Назир ака қурилиш трести бошқарувчиси, вазир ва Наманганда биринчи раҳбар бўлганида ҳам меҳнатни ташкил этишга адолат ва билим билан ёндашганини билиб олдик. Шу боисдан бизнинг вилоят қисқа муддатда ўзгача кайфият, ишчанлик оғушида қолди. Биринчи котиб иш кунини аввало, эрталабдан шаҳар биринчи раҳбари, вилоят бош архитектори билан биргаликда кўчаларни айланишдан, одамлар билан суҳбатлашишдан бошларди. Табиийки, бошқа раҳбарлар ҳам шундай йўл тутишга мажбур бўлишди.

 Назир Ражабовнинг пахта йиғим-теримидан талабалар, мактаб ўқувчилари ва уларнинг ўқитувчиларини, врачлар ва ҳамшираларни, вилоят партия қўмитаси ва ижроқўмидан бириктирилган ходимларни қайтариши чинакам байрамга айланди. Одамлар бу инсоннинг маънавий жасоратига, оқиллигига тан беришди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, вилоят биринчи раҳбарининг талабига кўра, ҳар ким ўз жойида ўзига топширилган иш учун жавоб бериш тизимига ўтилди.

Назир ака нафақат деҳқонлар, балки оддий касб эгалари, ҳатто ўрта бўғин раҳбарлари билан ҳам жуда эркин суҳбат қурди, уларнинг мулоҳазаларини эшитди, фикрларини ҳисобга олди. Бу эса одамларда фидокорона ишлашга имкон яратди. Айниқса, давлат идоралари ходимлари ўз жамоасида, тизимида хато қилиб қўймасмикан деган фикрдан, янгилик қилишдан қўрқишмади. Чунки кўпчиликка нафи тегадиган таклифларни вилоятнинг биринчи раҳбари чинакамига қўллаб турди. Бунинг устига, биринчи раҳбар ҳисобот тарзидаги баландпарвоз маълумотларни қабул ҳам қилмас ва уларни эшитмас ҳам эди. Йиғилишларда янги китоблар, санъат асарлари, газета янгиликлари ҳақида тўлиб-тошиб гапиришлари, кескин муносабат билдиришлари бизни ҳам ана шундай фаолият кўрсатишга ундади.

Бир куни вилоят партия комитетига тегишли шифохонага аёлимни кўргани бордим. Ташқаридаги ҳовлида суҳбатлашиб турсак, шифохона дарвозаси олдида қўлига кичик кастрюлча кўтариб келаётган Назир Ражабовичга дуч келдим, иккинчи қўлида тугунча ҳам бор. Биз иллиққина кўришдик, киши ҳам кулиб, бошини ирғаб ўтиб кетди. Турмуш ўртоғимдан “Бу кишини танийсанми?”, деб сўрадим. “Йўқ, танимайман, лекин ҳар куни Бухородан келган кампир олдига эрталаб ва кечқурун келиб кетади, аёл ҳам ниҳоятда очиққина экан”, деди.  Назир ака ўз онасини оддий бир фарзанддек сева олган инсон, волидасига бир ўғил қилиши керак бўлган хизматни қилди. Гарчи катта раҳбарлар учун хизмат машинасини муолажа биноси олдига келтириш имконияти бўлса-да, киши машинасини дарвоза олдига қўйиб, кириб келди. Онасига эса овқатни бозор ёки ошхонадан эмас, уйидан олиб келди. Бу воқеа минглаб раҳбарларга катта сабоқ бўлди.

 Яқинда эшитиб қолдим, Назир Ражабов 84 ёшга тўлди. Эскича ҳисоб-китобда минг ой умр кўрди. Бу еттита мучал, дегани. Халқимизда бундай хайрли кунларда халқпарвар инсонларга, яхшиларга дуолар қилиши анъанаси бор. Мен ҳам Самарқанддаги жуда кўплаб шогирдлари, дўстлари, қалбига яқин инсонлари қаторида у кишини ана шундай қувончли куни билан табрикламоқчиман. Самарқанд сизни севади, Назир ака.

 Акрам Аминов.