Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Одамларга меҳр улашиш осонми?

Бугун ҳамкасбимиз, етук журналист, ажойиб дўст Абдували Очилов таваллуд топган кун. Ҳаёт бўлганида 50 ёшга тўларди.

...Университетнинг филология куллиёти домласи Эркин Қураҳмедов тушликда тўй зиёфатига таклиф қилганди. Ўйлайман, биргаликда борадиган ҳамроҳ топилмайди, денг. Шунда бехос эсимга «Зарафшон» газетасида ишлайдиган укам Абдували Очилов келиб қолди. 

«Эҳ, зап бўлди-да! Ахир газета таҳририяти ҳам шундоққина тўй эгаси уйининг рўпарасида-я!». Бордим. Тушлик чоғи Абдували хонасида бир ўзи ўтирарди. Таклифимни айтдим.

- Зиёфатдан ким қочарди, ака, домлани жуда яхши танийман, қадрдоним. Аммо муҳаррир тадбирда, кўряпсиз тушликка ҳам чиқолмай телефонга «қоровуллик» қилиб ўтирибман. Ҳеч иложи йўқ, - деди Абдували.

Абдувалининг меҳрибонлиги гоҳида беихтиёр кишини мафтун этар, юракни эритиб юборарди. Шу сабаб бўлса керак, ҳадсиз ноз-неъмат, тансиқ таомларга ғарқ зиёфатда ўтирсам-да, тағин уни ўйладим: «Тушликка ҳам чиқмаган, қорни оч ўтирган бўлса керак, - деган ўйга бордим... – Ошхона қаердалигини билмайман, тўй эгаси эса қариндошим, яхшиси шу ердан у-бу олиб бораман унга! «Тўйдан тўпиқ»да, ҳеч уяти йўқ!».

Кетар чоғим яқин қариндошим Эркин домлани ёнимга чақириб, фикримни айтгандим, қувониб кетди:

- Абдувалига?! Ҳозирда, ҳозир...

Домла зумдаёқ битта оппоқ тугунча ва яп-янги елим қоғозли кўйлак келтирди.

Яна таҳририятга келдим... Абдували ҳалиям тушлик қилмаган экан. Қўлимдаги совға-саломни кўриб, донг қотди.

- Бу сизга Абдували! Эркин домла берворди! Кўзни шамғалат қилиб тўйга бир зумда бирга бориб келсак ҳам бўларди-ю, иш қочармиди... Аммо бу сизнинг устоз муҳаррирингизга бўлган ҳурмат, садоқатингиз рамзи! Қани, ҳаммаям шунақа бўлса...

- Ахир менга ишониб... Раҳмат, Эркин акага! Қани келинг, биргаликда... тушлик қиламиз, - деди у.

...Одамларда меҳр уйғота олиш осон эмас. Илло, ўзгаларда ана шу самимий, соф, беғараз меҳрни уйғотиш учун, аввало, ўзимиз бошқаларга меҳр улашишимиз керак. Абдували Очилов ана шу меҳрини иложи бўлса, имкони борича ҳамма-ҳаммага улашишни хоҳларди... У ўзи бемор бўла туриб ҳам таниш-нотаниш беморларга ачинар, эмранар, яқин одамларнинг кўз ёшларини кўрса, бошига иш тушганини пайқаса, ич-ичидан диқланиб, эзилиб, қайғуравериб, гоҳо ўзининг хасталигини оғирлаштириб юборарди. «Ўзингиз касалсиз-ку, сизга нима, ким у сизга ахир!?» юпатарди ҳамкасблари.

Уни олдинига онасининг, сўнг отасининг оламдан ўтиши адои-тамом қилди, касаллигини кескин оғирлаштириб юборди. Баттар асабий, тажанг, диқ бўлиб қолди.

Газета таҳририятининг рек­лама ва эълонлар бўлимида у жонини жабборга бериб ишлар, хасталигини севимли иши орқали унутмоқчи, чалғимоқчи бўларди. Ишхонада ҳаммага бир хилда меҳр, эмраниш кўзи билан қарар, ҳаммани яхши кўрарди, ундан озроққина дили оғриган, кўнгли қолган одамни ҳозир ҳам тополмайсиз.

Абдували укам шундай бағри бутун, очиқкўнгил, қалби дарё инсон эди.

Муродим Умрзоқов.