Оила муаммоларига жиддий назар

Маҳаллаларда "Оталар мактаби", "Ҳуқуқшунос маслаҳати кунлари"ни ташкил қилиш керакми? Қонуний никоҳдан ажралмай туриб, шаръий никоҳ билан яшаётганларга маъмурий жавобгарлик белгилаш самара берармикан? Ҳар 50 та оилага битта кайвони белгилаш оилалар мустаҳкамлиги учун аҳамиятли бўладими?

Самарқанд шаҳрида вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган "Оилаларни мустаҳкамлаш - жамият тараққиётининг асосидир" мавзусидаги конференцияда шу каби саволларга жавоб изланди. Оилалардаги маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, улардаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этишда ҳамкорлик масалалари муҳокама этилган конференцияда вилоят хотин-қизлар қўмитасининг бошқаруви аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, ҳамкор ташкилотларнинг фаоллари иштирок этди. Конференцияда оилалардаги муҳитни яхшилаш, хотин-қизлар ўртасидаги турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида мутасадди ташкилот раҳбарлари ўзаро фикр билдирдилар.

Гавҳар АЛИМОВА, вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси:

- Оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва ажримларни камайтириш мақсадида Олий суд билан хотин-қизлар қўмитаси ўртасида имзоланган меморандумга кўра, ажралишга ариза берганларга хотин-қизлар қўмитасининг хулосасини олиш тузими йўлга қўйилди. Ҳамкорликда олиб борилган ишлар туфайли 2018 йил давомида ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг 1168 таси, яъни 63 фоизи яраштирилди. Вилоятдаги барча шаҳар ва туманларда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш марказлари ташкил этилди ва у ерда 213 нафар аёлга ёрдам кўрсатилди. Олиб борилган ишларнинг барчасини рақамларда ифода этмоқчи эмасман. Сабаби, амалга оширилган ишларга қарамай, ҳамон вилоятда оилавий ажримлар сони юқори. Ушбу ҳолатларнинг сабабини чуқур ўрганиш, таҳлил этиб, олдини олишга эътиборни қаратиш лозим. Жойларда олиб борилган ўрганишларга кўра, оилаларнинг мустаҳкамлигига соя солаётган иллатларнинг бири оталарнинг масъулиятсизлиги, қизларнинг турмушга тайёр эмаслиги бўлиб чиқмоқда. Шу маънода жойларда "Оталар мактаби"ни ташкил этиш, нуроний оталарни бунга жалб қилиш лозим. Ҳуқуқий маслаҳат кунларида ҳуқуқшуносларнинг аҳоли билан учрашувлари мунтазамлик касб этиши зарур.

Маъруфжон ТОЖИБОЕВ, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси:

- Ажралишларнинг олдини олиш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ажралиш учун тўланадиган давлат божи ҳам икки баравар кўпайтирилди. Ажралаётган оилаларнинг 90 фоизига ярашиш учун муддат берилмоқда. Аммо, эътибор беринг, олти ойдан сўнг шу оилаларнинг 85 фоизи яна ариза кўтариб келяпти. Яъни, муддат бериш натижа бермаяпти. Сабаби, судгача келаётган оилаларнинг аксарияти аллақачон ажрашишга қарор қилган, ғишт қолипдан кўчган.

Яраштириш ишларини эса судгача бўлган даврда олиб бориш лозим. Шу маънода жойларда аҳоли билан учрашувларда, семинарларда ота-оналар, ажрашаётган эр-хотинлар ўртасида сўров ўтказяпмиз. "Фарзандингизга келин ё куёв танлашда нималарга эътибор қаратяпсиз?" деган саволимизга ота-оналарнинг қарийб 90 фоизи "Чиройлигина, келишган экан", "Бой-бадавлат, бизга маъқул келди", "Четдан қараганда яхши оиладек кўринганди", деб жавоб бермоқда. Ёш келин-куёв эса нима учун турмуш қураётгани ҳақида саволга аниқ жавоб бера олмайди. Бу эса уларнинг иккаласи ҳам оиланинг масъулиятли, жавобгарлиги бор даргоҳ эканлигидан бехабар деганидир.

Маҳаллада хотин-қизлар билан ишлайдиган мутахассислар ярашиб олишлари учун муддат берилган оилалар билан ишладик, гаплашдик, мазмунидаги далолатномани тақдим этишади. Ўрганганимизда эр-хотиннинг бири хорижда эканлигини аниқлаймиз. Хўш, далолатномага "Чақиртириб, гаплашдик, тушунтириш ишларини олиб бордик", деган гап қайси мантиққа асосланиб ёзиляпти? Эҳтимол, келгусида бундай далолатнома ёзган мутахассисга ҳам чора кўрилишини белгилармиз. Сабаби, бу ёзувлар оилани яраштириш учун ҳеч қандай иш амалга оширилмаганини кўрсатади.

Оилага тайёрлаш учун ФҲДЁ бўлимлари қошида никоҳдан ўтишдан бир ой олдин "Ёш оила қурувчилар мактаби" ишлаяпти. Аммо, воқеага реал назар ташлайдиган бўлсак, тўйдан бир ой олдин ёшларнинг хаёли тўйни ўтказиш, кўйлак олиш ва ҳоказолар билан банд бўлади. Айтмоқчиманки, оилага тайёргарлик режали, тизимли бўлиш керак.

Рашид РАҲИМОВ, вилоят ишки ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси бошлиғи:

- Жиноятчиликка мойиллик ҳам кўпинча оиладаги нотинчликдан келиб чиқмоқда. Ўтган йили 8 мингдан ортиқ нотинч оила қайд этилган. Жиноят содир этган  аёлларнинг эса 548 таси оилалидир. Шунингдек, уларнинг 346 таси ишсиз, 170 нафари моддий етишмовчилик туфайли жиноят кўчасига кирган.  Афсуски, жиноятларнинг 50 фоизи оилавий келишмовчилик туфайли содир этилаётир. Оилада эр-хотиннинг масъулиятсизлиги, фарзандлар тарбиясига беэътиборлиги туфайли нотинчликлар келиб чиқиб, аксарияти турли нохушликлар билан якун топаётир.

Анжуманда шунингдек, бошқа қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари сўзга чиқиб, аниқ таклиф ва мулоҳазаларни билдирдилар. Улар жамланиб, тегишли мутасадди ташкилотларга тавсиялар қабул қилиниши белгиланган.

Гулруҳ МЎМИНОВА.