Аёл фозиллиги белгиси бўлган 17 фазилат

Мозийга назар ташласак, ҳар бир даврнинг ўзига хос синовлари, машаққатлари бўлган. Бугун – XXI асрда “COVID-19” коронавирус инфекцияси бутун дунё халқларини ташвишга қўйган глобал хавфга айланди, десак муболаға бўлмайди. Бу хавфга қарши курашишнинг энг самарали чораси эса ҳаммасидан ажабтовур – уйда қолиш. Уйда қолиб, касалликдан ўзни ҳимоялаш.

Кўп таъкидланаётгандек, яқинда бир журналист ҳам шу ҳақда ёзди, уйда қолиш бизнинг халқимиз учун жуда катта муаммо эмас. Одамлар карантин қоидаларига амал қилиб, уйда қолмоқдалар. Бундан катта фожиа ясалган эмас. Чунки, халқимиз уйда ҳам бекор ўтиргани йўқ. Биринчи навбатда, кейинги пайтда бироз унутилган оилавий қадриятлар яна қайта қарор топа бошлади. Оила аъзоларининг барчаси бир дастурхон атрофида ўтирибди, оилавий китобхонликлар бошланди. Ўқувчи ва талабалар, ҳатто боғча тарбияланувчилари ҳам уйда бўлса-да онлайн сабоқ оляпти. Ишчи ота-оналар вазифаларини уйда туриб бажаришяпти. Томорқа юмушлари билан банд бўлганлар ёки ҳунармандчилик қилиб, рўзғор тебратаётганлар ҳам кўпчилик.

Демак, халқимизнинг ҳаёт тарзи оилавий анъаналар устуворлигида давом этмоқда.

Беш қўл баробар бўлмаганидек, бу қоидаларга бўйсунишни истамаётганлар ҳам учраб турибди ва улар ҳаракатларига муносиб ҳуқуқий баҳо оляпти.

Шу билан бирга, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламини бугунги мураккаб шароитда қўллаб-қувватлаш, уларга ёрдам бериш зарурати туғилдики, бу ҳам давлатимизнинг доимий эътиборидаги масала бўлиб турибди.

Ана шундай пайтда барчамиз ўзимизнинг фуқаролик бурчимиздан келиб чиқиб, қайси жиҳатлар ёки амалга ошираётган ишларимиз билан бу тадбирларни давом эттиришга ҳаракат қиляпмиз? Ўзимизнинг оиламизда фарзандлар тарбиясида нималарга эътибор беришимиз керак? Дунёда кутилаётган иқтисодий ва озиқ-овқат танқислиги бизнинг оиламизга ўз таъсирини ўтказмаслиги учун томорқамизга қандай маҳсулотларни экиб, парваришлаяпмиз?

Бугунги карантин шароитида оилада айниқса, аёлларимизнинг ўрни ҳар қачонгидан ҳам ошган, десак муболаға бўлмайди.

Ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий фикрлар тарихида биринчиларда бўлиб аёлнинг фарзанд тарбиясидаги ўрни ҳақида рисола ёзган Абу Али ибн Сино “Аёл киши оилада эрига муносиб, ҳаётда содиқ ҳамкор бўлмоғи даркор”, деган фикрни илгари сурган. Аллома аёл фозил бўлиши учун қуйидаги 17 фазилат соҳибаси бўлиши кераклигини таъкидлайди:

1) оқила ва иймон-эътиқодлилик;

2) шарм-ҳаёли ва ор-номусли бўлиш;

3) зийраклик ва фаросатлилик;

4) ёқимтойлик;

5) эрига меҳр-муҳаббатли бўлиш;

6) садоқат;

7) бетгачопар бўлмаслик;

8) эзма, вайсақи бўлмаслик;

9) итоаткорлик;

10) дили поклик;

11) эри орқасидан ғийбат қилмаслик;

12) покизалик;

13) вазминлик;

14) жиддий ва улуғворлик;

15) эрининг оғир дамларида унга далда бўла олиш;

16) меҳрибонлик;

17) иродали ва сабр-қаноатли бўлиш.

Албатта, бундай фазилатларга эга бўлиш мукаммалликни талаб этади. Бу эса жамиятимизнинг нозик ва гўзал вакилларига мос ва хос хусусиятлардир. Ҳозир улар оила аъзоларига ҳар қачонгидан меҳрибон, ҳар қачонгидан эътиборли. Мана шундай пайтда эркакларимиз ҳам азиз аёлларимизнинг ҳақиқий суянчи бўлиши зарур.

Оилада фарзанд тарбияси учун ота-оналар баробар масъул ҳисобланади. Бугун уйда қолган болалар таълим-тарбияси билан оталар ҳам кўпроқ шуғулланишлари керак ва амалда ҳам шундай бўлаётгани кишини қувонтиради. Дастурхонда бирга ўтириш, маслаҳатлашиш, ота ва оналарни биргаликда кўриш фарзандлар тарбиясига ниҳоятда катта ижобий таъсирини кўрсатади.

Қўшним кўчма бозордан маҳсулот ола туриб, сотувчига “Янга, уйда ўтириш ҳам қийин экан, энди тушундим келинингизнинг зерикдим, деган ҳар кунги гапларини”, деди.

Шу гапни эшитиб, айрим эркакларнинг “турмуш ўртоғим уйда ўтирсаям мени кўп безовта қилади, тайёрини еб ўтирмайдими”, деган гиналарига жавоб топгандай бўлдим.

Ҳозирги ҳолатда муҳим масала фарзандларнинг тарбияси ва улар билан муносабат, айниқса, вояга етмаганлар билан гаплашиш. Оилада болага нисбатан қандай муносабат кўрсатилса, бола ҳам атрофдагиларга ана шундай муносабатда бўлади. Хусусан, оилада ижтимоийлашув жараёни, тарбиявий муносабатлар зўравонлик ҳолати билан амалга оширилса, бу уйда ўсган бола ҳам ташқи муҳитга ана шундай салбий ҳолатларни намоён этади. Девиант хулқли болалар, жиноят содир этаётган ёшлар ана шундай оилавий муҳитда тарбия топганлиги илмий-амалий тадқиқотлар, ўрганишлар натижасида маълум бўлди. Агар шахснинг жамиятга киришида ижтимоийлашув ва индивидуаллашув жараёнлари ўртасида тенглик ижобийлик ҳолатлари юзага келса, инсоннинг жамиятга яқинлашуви рўй беради.

Коронавирус инсониятнинг саботини, сабрини синамоқда, ўзи, оиласи ва яқинлари ҳаёти ҳамда соғлиғига қанчалик масъулликни ҳис этишини аниқламоқда. Карантиннинг талаби ҳам шу, аслида.

Зебинисо ШОДИЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

давлат бошқаруви академияси тингловчиси.