“Оммавий маданият” аёлни оиладан “қутқармоқчи”

Жаннат оналар оёғи остида

Ўтган асрнинг 60-йилларида Ғарб мамлакатларида содир бўлган “маданий инқилоб” эр, хотин ва болаларни оилавий вазифалар, бурч ва масъулиятдан озод этиб, оилага бўлган ижтимоий эҳтиёжни йўққа чиқарди. Бу ҳол оиланинг емирилишига сабаб бўлди. “Оммавий маданият” азалий қадриятларни камситиб, ҳатто аёлнинг эри ва болалари бўлиши табиий, ҳаётий эҳтиёж экани ҳақидаги тасаввурлар устидан ҳам кулиб келди, аёлни оналик вазифасидан буткул “қутқариш”га интилаётган гуруҳлар пайдо бўлди. Бугун ушбу гуруҳлар кўпгина Европа мамлакатларида ҳукуматга таъсир қилиш қудратига эга. Улар дастаклари ёрдамида ўзларининг манфур қилмишларига қарши жамиятларни демократияни бўғиш, хотин-қизлар ва ёшларни эркин ҳаёт тарзидан маҳрум қилишда айблашяпти. Бунда ўтган асрнинг бошларида Ғарб мамлакатларида шаклланган ва бугунги кунга келиб, ижтимоий ҳаракатга айланган феминизмнинг “хизмат”и катта.

Шарқ мусулмон халқларида аёлларни ҳурмат қилиш, уларни нафақат моддий-жисмоний, балки маънавий ҳимоялаш анъанаси чуқур илдиз отган. Уларнинг ҳар бири она ёки аёллик фитрати амалга ошишини орзу қилади. Шарқда “Жаннат оналар оёғи остида” деган ҳикмат бекорга бот-бот такрорланмайди. Унинг замирида жамиятда аёлнинг ўрни, қадр-қиммати ўз аксини топган. Баъзан жамиятимизда аёлларнинг эри томонидан зўравонликка учраётгани ортиқча бўрттирилади. Аммо Ғарбда оила қурмаган, фарзандли бўлиш ҳақида ўйламаган аёллар ёши ўтган сари жамиятда ёлғизликка маҳкум бўлиши ҳақида ҳеч сўз демайди.

Оилани муқаддас деб билмаганлар учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ

Абдурауф Фитрат “Оила” асарида “Қаерда оила, оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва муаззам бўлади” деб таъкидлайди.

Хўш, оиланинг муқаддаслиги нимада?

Ўзаро ришталар никоҳ воситасида мустаҳкамланган, эр-хотин бир-бирининг олдидаги бурчи, масъулият ва садоқатни ҳис қилгандагина оила муқаддаслик даражасига чиқади. Ушбу тушунчалар муайян ҳаётий тажриба, машаққат ва турмуш синовларида тобланишлар натижасида вужудга келади.

Йилдан-йил хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида жиноятлар сони ортиб боряпти. Мутахассислар фикрича, бунинг асосий сабабларидан бири кундан-кун сони ортиб бораётган нотўлиқ оилалардир. Айни кунда ижтимоий хавфли жиноятлар содир этаётган аксарият аёллар ва вояга етмаганлар нотўлиқ оилалардан эканлиги айтиляпти. Ёки бўлмаса, бошқа ҳуқуқбузарликлар, одам савдоси қурбонлари, ёшлар, аёллар, албатта, буларнинг барчаси асосан ажралиш оқибатида юзага келади.

Аёл меҳрли, болапарвар хилқатлигини ҳисобга олиб, шу йўсинда унинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни белгиланади. Куч-қувватда у эркакка тенглаша олмайди, шунинг учун ҳам эркак уни ҳимоялаши, ғамхўрлик қилиши лозим. Ҳаёт, оила мувозанатининг бузилмаслиги учун аёл ҳам ўз вазифаларини бажаришга масъул.

Бу масалада ўз анъаналаримиз бор

Баъзи соҳаларда аёлларга қараганда эркакларнинг ўрни баланд, баъзи масалаларда эса аёллар устун, баъзиларида эса улар тенг ҳуқуқли. Бу жинсларнинг қайсидири бирон нарсада камситилганини англатмайди. Бу ҳар ким ўз табиатидан келиб чиққан ҳолда, ўз ўрнида туриб, ўзининг ишини қилаётгани демакдир. Аслида аёлларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик барча ақлли жамиятларда, хусусан, исломда қаттиқ қораланади. Аёлларга нисбатан куч ишлатиш тажовуз ҳисобланади.

Бугун оиласида зўравонликка учраган аёлларни ҳимоя қилиш мақсадида реабилитация марказлари фаолият юритяпти. Аммо ўнта аёлга зўравонлик ишлатилиб, ўнта эркак жазоланганидан жамиятга нима наф? Шунинг учун ҳам мутахассислар баъзида оғир бўлмаган ҳолатларда оиланинг бир бутунлигини сақлаб қолиш мақсадида тушунтириш ишлари олиб боряпти. Зеро, улуғлар айтганидек, ўз уйида бахтли бўлган инсонгина чинакам бахтиёрдир

Сулаймон Мардиев.