Оилавий боғчаларда таълим-тарбия жараёнлари сифатсиз ташкил этилган

Самарқанд вилоятидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг 90 фоизини оилавий мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этади. Бу муассасалардаги таълим-тарбия сифатини қониқарли деб бўлмайди. Уларда фаолият кўрсатаётган 3 050 нафар педагогларнинг бирортаси ҳам малака тоифасига эга эмас, аксарият оилавий мактабгача таълим ташкилотларида педагог кадрлар таркиби номутахассис ходимлардан иборат. Асосан тадбиркорнинг яқин қариндошлари ҳисобига шакллантирилган.
Умуман, бугунги кунда вилоятда 2 421 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритиб, уларнинг 696 тасини давлат, 1 724 тасини нодавлат таълим ташкилотлари ташкил қилади. Жумладан, нодавлат таълим ташкилотларининг 78 таси хусусий, 102 таси давлат ва хусусий шериклик асосидаги ҳамда 1 544 таси оилавий мактабгача таълим ташкилотларидир.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд вилояти бўлими таҳлилларига кўра, ушбу таълим ташкилотларидаги тарбиячилар “Илк қадам” давлат дастури, давлат талаблари тўғрисида тушунчага эга эмаслиги сабаб таълим-тарбия жараёнлари сифатсиз ташкил этилмоқда.
Жумладан, Ургут туманидаги “Юлдузча” оилавий нодавлат таълим ташкилоти 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунга қадар таълим-тарбия сифати бўйича бирор-бир шароит яратилмаган. Тарбиячи Зуҳра Шодиева нафақа ёшида бўлиб, кўп йиллар ҳудуддаги мактабда бошланғич синфларга дарс бериб келган. Тарбиячи номутахассислиги билан бирга “Илк қадам” давлат дастури, давлат талаблари тўғрисида маълумотга эга эмас. Оилавий мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия сифатини ўрганиш жараёнида тарбиячиларга ўқув дастурида мавжуд бўлмаган, шунингдек, болаларга таълимий-тарбиявий аҳамиятга эга бўлмаган ўйин машғулотларини ўтаётганлиги кузатилди. Тарбиячининг иш ҳужжатлари ўрганилганда ҳамда у билан олиб борилган суҳбатда машғулотларнинг аксарияти шу тарзда амалга оширилиши маълум бўлди. Ачинарлиси, таълим ташкилотида болаларни ривожлантирувчи марказлар мавжуд эмас, дидактик ва услубий қўлланмалар, бадиий ва эртак китоблар билан таъминланмаган. Гуруҳдаги тарбияланувчилар ёш жиҳатдан ҳар хил ёшдаги болалар бўлишига қарамасдан, уларга ёш ва психологик хусусиятлари инобатга олинмаган ҳолда бир хил мавзудаги машғулотлар ўтказилиб келинмоқда. Таълим ташкилоти ҳовлисида тарбияланувчиларни сайр қилдириш учун шароит яратилмаган, болаларнинг вақтини мазмунли ўтказиш учун ўйинчоқлар йўқ, болалар кийимлари турадиган жавонлар етарли эмас. Бундай муҳит тарбияланувчиларнинг сифатли таълим ва тарбия олишларига ўзининг салбий таъсирларини кўрсатмай қолмайди.
Шунингдек, таълим ташкилотида янги ўқув йили учун режа ишлаб чиқилмаган, ёнғин хавфсизлиги бурчаги ташкил этилмаган, тадбиркор билан тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчиси ўртасида меҳнат шартномаси тузилмаган. Тарбияланувчиларнинг тиббий маълумотномалари мавжуд эмас, шартнома асосида ҳудуддаги ҳамшира бириктирилмаган.
Ушбу ҳолатларни фаолияти ўрганилган Самарқанд туманидаги “Зайниева Шоира”, Қўшработ туманидаги “Суннатова Нозима”, Нарпай туманидаги “Маматова Дилдора” номли оилавий мактабгача таълим ташкилотларида ҳам кузатишимиз мумкин.
Мазкур ҳолатлар туман мактабгача таълим бўлимлари томонидан оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига етарлича методик ёрдам ва тавсиялар берилмаётганлигини кўрсатади.
Ургут туманидаги 31-сонли мактабгача таълим ташкилотида олиб борилаётган таълим-тарбия жараёнлари ўрганилганда, 2019 йилда капитал реконструкция қилинган муассасада куни узайтирилган гуруҳлар мебель, жиҳоз ва дидактик материаллар билан тўлиқ таъминланган. Боғчада ташкил этилган 2 та қисқа муддатли гуруҳлар ҳамда 40-умумий ўрта таълим мактабидаги 2 та мажбурий гуруҳларда болаларни ривожлантириш марказлари мавжуд эмас, тарбияланувчиларга ўтилаётган машғулотлар давлат дастурига мос келмайди. Гуруҳ тарбиячиси “Илм йўли” вариатив ўқув дастури ҳамда тарбияланувчилар давлат томонидан берилган математика ва иш дафтарлари билан таъминланмаган. Ҳудуддаги 31-сонли мактабгача таълим ташкилоти томонидан ушбу гуруҳларга ҳеч қандай амалий ва услубий ёрдам кўрсатилмаётган бўлса, туман мактабгача таълим бўлими томонидан ушбу ҳолатлар назоратга олинмаган. Мазкур ҳолатлар Самарқанд, Қўшработ, Нарпай туманларида ҳам кузатилди.
Рақамларга қарайдиган бўлсак, вилоят мактабгача таълим ташкилотларида фаолият кўрсатаётган жами 12 022 нафар педагогнинг 28 нафари, яъни бор-йўғи 0,2 фоизи иккинчи тоифа малакага эга бўлса, педагогларнинг бирортаси ҳам биринчи тоифага эга эмасликлари ачинарли ҳолатдир. Жумладан, мактабгача таълим ташкилотларида фаолият кўрсатаётган мусиқа раҳбарлари, дефектологлар, логопедлар, жисмоний тарбия йўриқчилари ҳамда хорижий тил ўқитувчиларининг бирортаси ҳам малака тоифаларига эга эмас. Иштихон, Паст Дарғом, Самарқанд туманларида II тоифали педагоглар 1 нафардан тўғри келса, Нарпай, Оқдарё, Пахтачи, Тойлоқ, Қўшработ ҳамда Нуробод туманларида бирорта ҳам малака тоифага эга педагоглар мавжуд эмас.
Вилоят мактабгача таълим ташкилотларидаги педагог ходимларнинг 71,6 фоизини ўрта махсус маълумотлилар ташкил этиши ҳам ечимини кутаётган муаммолардан бири бўлса, 239 нафар ўрта маълумотли педагогларнинг фаолият юритиб келаётганлиги ачинарлидир. Бу борада энг юқори кўрсаткич Каттақўрғон шаҳар (74,4 фоиз), Иштихон (74,8 фоиз), Пахтачи (75,6), Каттақўрғон (77,4), Нуробод (78,2), Каттақўрғон (79,4) ҳамда Паст Дарғом (81,4) туманлари ҳиссасига тўғри келади.
Шунингдек, Пайариқ туманидаги мактабгача таълим ташкилотларида 26 нафар, Оқдарё туманида 43 нафар ўрта маълумотли мутахассислар педагог сифатида фаолият юритиб келаётган бўлса, ушбу кўрсаткич биргина Самарқанд шаҳрида 168 нафарни ташкил этади.
Вилоят мактабгача таълим ташкилотларидаги педагог ходимларнинг салоҳияти республика бўйича паст кўрсаткичга эга бўлган ҳудудлар қаторидан жой олган.