Оқдарёда адабиёт байрами

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ва ёзувчи-журналист Орзиқул Эргашев билан учрашув ана шундай мақом олди.

Орзиқул Эргашев Оқдарё фарзанди, Дархон қишлоғида туғилган. 1975 йилда Самарқанд давлат университети филология факультетини тугатгандан буён Тошкентда яшайди, умрини ижодга бағишлаб келади.

О.Эргашевни ижод аҳли зукко журналист, талабчан муҳаррир, бағрикенг инсон, маҳоратли ёзувчи сифатида қадрлайди. У узоқ йил республика радио ва телевидениесида фаолият кўрсатган бўлса-да, бадиий ижод билан мунтазам шуғулланиб келди. «Дунёнинг бир чеккаси», «Болалигим кўчаларида», «Шоҳсанам», «Дарғом қиссалари», «Қалб гавҳари», «Юлдузсиз осмон», «Оқар дарё» каби китоблар муаллифи. Бундан ташқари, «Энг азиз, энг улуғ» (1917), «Ватан учун яшайлик!» (2021) республика танловларида ғолибликни эгаллаган.

Оқдарёдаги 32-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган учрашувда йиғилганлар ижодкорнинг танланган асарлари ва бошқа қисса ҳамда ҳикоялари ҳақида, ажойиб фазилатлари тўғрисида мароқ билан сўзлашди.

Бинобарин, тадбирга ўтган йили 70 ёшини нишонлаган Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давроннинг бирга келиши ҳам бежиз эмас. Улар 40 йилдан буён пойтахтда ҳамкорликда ишлашади, ижодий мулоқотда бўлиб келишади. Шу сабабли сўзга чиққанлар «Шарқ юлдузи» ва «Звезда Востока» жуналлари бош муҳаррири Сирожиддин Рауф, шоир Азиз Саид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хосият Бобомуродова, «Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги» журнали бош муҳаррири Тоҳир Долиев, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Ойгул Маматова, Фармон Тошев иккала адиб фаолиятининг, ижодининг ўзига хос қирралари, адабиётнинг бугунги аҳамияти хусусида мулоҳаза юритдилар. Оқдарёдаги «Шерюраклар» ижодий жамоаси муаллифлар асарларидан парчалар ижро этишди.

Оқдарё тумани ҳокими Ш.Қудратов 70 ёшга тўлган адибларни табриклаб, туманда ижодий муҳит яратиш ишлари ҳақида гапирди.

Меҳмонларга вилоят, туман ҳокимлигининг совғалари улашилди.

Ҳ.ЭЛТОЕВ.