Олиб қўйилган ер участкаларига компенсация бериш қонун билан тартибга солинди

2022 йил 29 июнь куни “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Унда жисмоний ва юридик шахсларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ҳамда ушбу ер участкаси, унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаларига компенсация бериш тартиб-таомиллари белгиланди.

Қонунда ер участкаларининг компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига асос бўладиган ҳолатларнинг рўйхати ҳам кўрсатилган:

- мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни, эркин савдо зоналарини ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун ерлар бериш;

- Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;

- фойдали қазилмалар конларини қидириш ва қазиб олиш (бундан кенг тарқалган фойдали қазилмалар конлари мустасно);

- республика аҳамиятига ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль ва темир йўлларни, аэропортларни, аэродромларни, аэронавигация объектларини ҳамда авиатехника марказларини, темир йўл транспорти объектларини, кўприклар, метрополитенлар, туннелларни, энергетика ва алоқа тизимининг муҳандислик объектлари ҳамда тармоқларини, космик фаолият объектларини, магистраль қувурларни, муҳандислик-коммуникация тармоқларини, ирригация ва мелиорация тизимларини қуриш (реконструкция қилиш) учун ер участкалари олиб қўйилиши мумкин.

Шунингдек, қонунда ер участкаларининг ҳар қандай бошқа мақсадларда олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш сифатида талқин этиш қатъиян тақиқланди.

Бузилишга тушган ҳудудда жойлашган ерга бўлган ҳуқуқ мавжуд бўлмай туриб, ўн беш йил давомида кўчмас мулкка ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилиб келган шахсларга ҳам ушбу кўчмас мулк объекти учун солиқлар тўлаб келингани тасдиқланган тақдирда, мазкур кўчмас мулк объекти қийматининг ўрни қопланиши кўзда тутилган.

Қонунга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ҳузурида компенсация комиссиялари тузилиб, комиссиялар компенсациялар ўз вақтида тўлиқ ҳажмда берилиши устидан мунтазам мониторинг ва берилган компенсацияларнинг ҳисоби юритилишини таъминлашда асосий роль ўйнайди. Яъни, компенсациялар ўз вақтида ва тўлиқ берилмаган ҳолатларда тегишинча маҳаллий Кенгашларга ахборот киритиш ваколатлари ҳам мавжуд.

Қонунда олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини бузиш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби ҳам аниқ кўрсатилган бўлиб, олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиш ҳақидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат бўлган кўпчилик овози билан қабул қилиниши белгиланган.

Жамоат эҳтиёжларига олиб қўйиладиган ер учун бериладиган компенсация турлари ва манбалари аниқ қилиб кўрсатилган, бериладиган компенсация турлари, турар жойларни ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларни вақтинчалик ижарага олиш учун пул маблағлари, бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб беришдан иборатлиги ҳам ўз аксини топган.

Булардан ташқари, қонун билан битта маҳалла ёки кўчада яшовчи ҳуқуқ эгалари ва уларнинг оила аъзолари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳуқуқ эгаларининг хоҳишига кўра, уларга битта маҳалла ёки кўчада жойлашган янги уйлар (битта кўп квартирали уйдаги квартиралар) берилиши белгиланмоқда.

Булар жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига ер участкаларини олиб қўйиш масалалари тўғридан-тўғри амал қиладиган яхлит қонун билан тартибга солинишига, низоли вазиятларнинг олди олиниши ва мулк эгаларининг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.

Баҳодир Қаршиев,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат бош юрисконсульти.