Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Олий таълим муассасаларида ўқув йили бошланди

Бу йил Самарқандда бир нечта янги иш бошлаган ОТМлар ҳам бор

Сентябрь ойида Самарқандда йирик халқаро тадбир – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити ўтказилиши муносабати билан вилоятдаги олий ўқув юртларида янги ўқув йилининг бошланиши бироз ортга сурилганди.

Бугун, 26 сентябрдан Самарқанддаги барча олий таълим муассасаларида 2022/2023 ўқув йили бошланди.

Янги ўқув йилида вилоятимиздаги давлат олий таълим муассасаларидан ташқари иккита хусусий – Самарқанд халқаро технология университети ва Ёджу техника институтининг Самарқанд филиали фаолият бошлади. Самарқанд давлат университетининг Ургут филиали, университет қошида Муҳандислик физикаси институти ҳамда Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти очилди.

Самарқанд давлат университетнинг Ургут филиалида ҳам бугундан таълим жараёнлари бошланди.

– Бу йил илк бор мактабгача таълим, бошланғич таълим, математика ва информатика, кимё, биология, ўзбек тили ва адабиёти каби ўн икки йўналишда 475 нафар талаба ўқишга қабул қилинди, – дейди СамДУ Ургут филиали директори Қувондиқ Ярашев. – Ҳали яна табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқиш истагини билдирган талабалар бор.

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида ҳам янги ўқув йили “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” деб номланган маърифий тадбир билан бошланди.

Университет ректори, профессор Х.Юнусов, Олий Мажлис Сенати азоси Ф.Тошев профессор-ўқитувчилар ва талабаларни янги ўқув йили билан табриклади.

– 2022/2023 ўқув йилида 21 бакалавр йўналиши ва 32 та магистратура мутахассисликлари бўйича 2000 дан ортиқ квота ажратилган эди ва бу квота доирасида талабалар ўқишга қабул қилинди, – дейди университет ўқув ишлари бўйича проректори А.Элмуродов. – Янги ўқув йилида ветеринария биотехнологияси таълим йўналиши ва унинг негизида иммунобиологик препарат биотехнологияси магистратура мутахассислиги очилди. Эндиликда ветеринария медицинаси таълим йўналиши фақат кундузги таълим шаклида ўқийди ва ўқиш муддати 5 йил этиб белгиланди.

Тадбирда юқори балл олиб, талабаликка қабул қилинган ёшлар университет маъмуриятининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.