Ўлма қулим, шу қишдан чиқиб олсак бўлгани...

Халқимизда “Ўлма қулим, шу қишдан чиқиб олсак бўлди, буёғи...”, деган гап юради. Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси сайтимизда шаҳар йўлларидаги музламалар ҳақида берган танқидий ахборотимизга ўзларининг телеграм каналида қуйидагича муносабат билдирибди (муносабатни ўзимиз “суғуриб” олдик):

“Сизга шуни маълум қиламизки, Абдураҳмон Жомий кўчасидаги ҳолат тасвирга олинган вақтда бошқарма томонидан йўллардаги музламаларни бартараф ишлари давом этаётган бўлган.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси томонидан қишки мавсумда йўлларни қордан тозалаш ва йўллардаги музламаларни бартараф этиш мақсадида керакли бўлган қум ва туз заҳираси жамланган ва маҳсус 12 дона техника, 20 нафар ишчи ходимлардан иборат навбатчи гуруҳ тузилган.

Шаҳар йўлларидаги музламаларни бартараф этиш ишлари амалга оширилмай қолиб кетган кўчалар бўлса, ушбу телефон рақамларга мурожаат этишлари мумкин.

+ 998 98 573 15 55 + 998 98 573 25 20

Ҳар бир мурожаат назоратга олинади”.

Афсуски, шаҳарнинг аксарият марказий кўчаларида куннинг иккинчи ярмига келиб музламалар эриди. Кечикмаган бўлсак бўлди...