Маҳаллангизга Президент келиб қолса...
Кейинги кунларда мамлакатимиз раҳбари ташриф давомида тўсатдан, режада кўзда тутилмаган манзиллар, маҳаллаларга кириб бораётгани ҳақидаги лавҳаларни кузатяпмиз. Аслида ҳолатдан хабардор бўлиш, камчиликларни тузатиш учун давлат раҳбарини кутиш шартми? Умуман, маҳалладаги аҳвол билан ким қизиқади? Ҳамма айб маҳаллага ағдарилади-ю, аммо у қайси маблағ эвазига буни амалга ошириши кераклиги сўралмайди? Баъзи маҳаллалар эса бор имкониятдан фойдаланишни истамайди.
Дарвоқе, биз ушбу рукн остида мақола тайёрлаш ниятида баъзи маҳаллаларга кириб борганимизда эрталаб соат 10 да чанг артиб турган маҳалла ходимларини, баъзиларида эса «Тошкентдан комиссия юрганмиш, у ёқ-бу ёқларга қараб қўйинглар», дея ишга киришганларини, баъзиларида қайсидир ташкилотлардан ходимлар келиб, “суҳбат ўтдими-ўтди” қабилида суратга тушиб кетганларига ҳам гувоҳ бўлдик.
Бугун эса вилоятнинг узоқ тумани ёки Самарқанд шаҳрининг чеккароқ жойи эмас, балки марказидаги маҳаллаларга кириб, аҳоли, мутасаддилар билан гаплашдик.
Самарқанд шаҳар Фаровонлик маҳалласи
Маҳаллага кириб боришингизда бетонли симёғочларга ёпиштирилган эълонлар диққатингизни тортади. «Қудуқ ковлаймиз, телефон рақамларимиз….». Нега бу кўчаларга ушбу мазмундаги эълон кераклигини тушуниб олиш қийин бўлмаса керак. Бу ҳақда ҳали тўхталамиз.
Кўчалар ҳар доим биз кўникиб қолган, ўйдим-чуқур, у ер-бу ерларида чиқиндилар ташланган, аммо аксарияти тоза-озода. Бугун маҳалла аҳлини қийнаётган муаммолар нечоғлик? Бу ҳақда аввал маҳалла фаоллари билан гаплашиш ниятида маҳалла идорасига бордик.
- Маҳалла аҳлига шарт-шароитлар яратиш мақсадида яқин кунларда ҳудудда новвойхона, тикувчилик цехи ташкил этиш режалаштирилган, - дейди маҳалла раиси ўринбосари Зарнигор Латипова. – Шу йил маҳалла ички кўчасининг 500 метрга яқин ҳудудига тадбиркорлар томонидан асфальт ётқизилди. Инсон яшаётган ҳудудда, албатта муаммолар бўлади ва уларни босқичма-босқич ҳал этиб бориш вазифамизга киради. Шу йил маҳалламиздаги учта кўчада электр энергияси билан боғлиқ муаммо кўп бўлди. Мурожаатларимизга “Самарқанд шаҳар ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси ушбу ҳудуддаги трансформаторни алмаштириш 2022 йилги дастурга киритилганини айтди. Шунингдек, маҳалламиздаги 8 та кўчадан оқова сув қувурлари ўтмаган, одамлар ҳовли ичида қудуқ қазишга мажбур. Бу бўйича ҳам бир неча бор тегишли ташкилотларга мурожаат қилганмиз. Келгуси йил дастурларига киритиш ҳақида хат жўнатилган.
Ҳозир чиқинди ташиб кетиш ҳолати яхши ташкил қилингани аҳолига маъқул. Ҳар ҳафта икки маротаба машина келиб, хонадонлардаги чиқиндини ташиб кетади.
Шундай бўлса-да, кўчаларда ётган чиқиндиларни кўриб дилингиз хуфтон бўлади.
Самарқанд шаҳар Сиёбча маҳалласи
Ушбу маҳалла Самарқанд шаҳридаги катта маҳаллалардан бири. Мирзо Улуғбек кўчаси бўйлаб ичкарига кирар экансиз чиройли, замонавий хонадонлар билан бирга эътибордан четда қолган ҳовлиларни ҳам учратасиз. Ногоҳ, бу ерда одам яшармикан, деган ўй хаёлимиздан ўтади. Афсуски, яшовчилар бор, аммо ўз ҳудудига эътибор йўқ.
Маҳалла марказига борганимизда бинони таъмирлаш ишлари олиб борилаётган экан. Мазкур бино 1858 йилда қурилган бўлиб, ЮНЕСКО рўйхатида туради. Лойиҳа ҳам унинг қадимийлигини сақлаган ҳолда ишлаб чиқилган. Маҳалла раиси билан суҳбатимиз кўчаларни айланиб давом этди.
- Биласиз, маҳалламиздан Сиёбча ариғи ўтган, - дейди маҳалла раиси Светлана Шебельникова. - Кўп ҳолларда ариқдан сувнинг қирғоғидан тошиб оқиши атрофдаги уйларга зиён етказмоқда. Тўғри, вилоят ҳокими келиб вазиятни ўргангач, ариқда тозалаш ишлари олиб борилди. Барибир аҳоли хавотир билан яшайди. Ички кўчаларимиз таъмирталаб. Маҳмуд Кошғарий, Пушкин, Баҳодир Ялангтўш, Абдураҳмон Жомий номли кўчаларда тунги ёритиш чироқлари ўрнатилмаган. Жомий кўчасида тунги чироқлар учун устунлар бор-у чироқ йўқ. Кеч тушиши билан қоронғи кўчаларда юришга тўғри келади. Бизни қийнайдиган муаммолардан яна бири - Маҳмуд Кошғарий ва Абураҳмон Жомий номли кўчалари кесишмасида пиёдалар йўлакчасининг йўқлиги. Бу ерга светофор ўрнатилганди, аммо унинг вақти тўғри ҳисобланмагани учун автомобиллар тирбандлиги пайдо бўлгач, олиб ташланди. Болалар боғчага, мактабга қатнашда бу йўлдан ўтишга жуда қийналади.
Ҳақиқатда машиналарнинг бир-бирига йўл бермасдан ҳаракатланаётган бу йўл кесишмасида пиёдаларнинг ўтиши мушкул. Биз ҳам анча вақт туриб қолдик.
Маҳалла раисининг айтишича, мазкур маҳаллада 11 нафар нафақа ёшидаги кексалар, 50 нафар ногирон кишилар истиқомат қилади. Маҳалла тадбиркорлари томонидан уларга ҳар томонлама кўмак берилмоқда. Кимдир озиқ-овқат маҳсулотлари берса, яна бири ўз хизматидан бепул фойдаланишни таклиф этади. Бу борада маҳалла раисининг ҳам ўрни катта. Маҳаллада бўлаётган янгиликлар, олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари ҳақида маҳалланинг телеграм каналида бериб борилади.
Айтиш керакки, вилоятда ҳали «Обод қишлоқ» дастури туманларда жорий этилган пайтлардаёқ шаҳарнинг чеккароқ маҳаллаларида ободлик, ўзгаришлар амалга оширилиб, шаҳарнинг кўпчилик боришга ҳадиксирайдиган ҳудудлари ободонлаштирилди. Кимёгарлар, Фарҳод шаҳарчаси мана шундай ҳудудлар сирасига киради. Нега бу тажриба тўхтаб қолди? Ушбу жараён давом этса, Самарқанд шаҳридаги бир неча маҳаллалар фуқаролари ижро муддати номаълум дастурларни кутиб юрмасмиди?..
Гулруҳ Мўминова,
Насиба Жонтўраева,
«Зарафшон» мухбирлари.