“Олтин давр” бемаъни вақтихушлик эмас

Қайсидир кафе-барга кирсангиз, албатта, у ерда ёшларни учратасиз. Аслида бу жой уларбоп тамаддихона эмаслигини биламиз, аммо у ердаги ёшларнинг аксарияти талаба.
Нима бўпти, дейишингиз мумкин. Улар кўп вақтини илм ва касб-ҳунар ўрганиш ўрнига, ана шундай жойларда ўтказяпти-да. Қорин тўйдириш ёки чанқоғини қондириш учунмас, бефойда суҳбатлар, телефондаги "ажина" рақслар ва бошқаларга саотлаб вақт сарфлайди. Қолаверса, айрим йигит-қизлар қўл ушлашиб хиёбонларда юришади ёки у ердаги ўриндиқларни банд қилиб ўтиришади. Уйидан чиқаётганда ўқишига омад тилаб, дуо қилиб кузатиб қўйган ота-оналари хаёлида улар дарсдан кейинги бўш вақтларини ё кутубхонада ўтказяпти ёки қўшимча тўгаракларга қатнаяпти, деб ўйлайди.
Шундай талабалар борки, ўтаётган ҳар бир дақиқанинг қадрига етади. Улар ота-онаси орзусидагидек фарзанд бўлишни мақсад қилиб, дарсдан кейин ҳам ўқиб, изланади, касб, ҳунар ўрганади. Хўш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун олий таълим муассасаларида қандай имкониятлар бор?
Самарқанд давлат университетида ёшлар учун турли хил тўгараклар ташкил этилган. Жумладан, “Беҳбудий издошлари” талабалар театр студияси,“Миллий мусиқа чолғулари” ансамбли, шунингдек, назм ва наср, мусаввирлик, амалий санъат, дизайнерлик, рақс ва бошқа йўналишлардаги тўгараклар фаолият олиб боряпти.
Университетдаги “Шалола”ижодий тўгарагига ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида адабиётшунос олим, профессор Н.Шукуров асос солган. Тўгаракнинг биринчи сардори Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжондир.
- Барот Бойқобилов, Нормурод Нарзуллаев, Асад Дилмурод,Фахриёр ва бошқа кўплаб истеъдодли ижодкорларнинг қаламини чархлашга хизмат қилган тўгарак бугун ҳам фаол иш олиб боряпти, - дейди филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Нодир Раҳматуллаев. – Айни пайтда тўгаракда 20 дан ортиқ ёшлар иштирок этади. Машғулотларда нафақат филология факультети, балки университетнинг турли йўналишларида, ҳатто бошқа олий ўқув юртларида таҳсил олаётган, қолаверса, уларни тамомлаб кетган, ижодга, шеъриятга қизиқувчи ёшлар қатнашиб келмоқда. Тўгарак аъзолари вилоят ва республика миқёсида ўтказиладиган тадбирларда фаол иштирок этиб, танловларда ғолибликни қўлга киритиб келяпти. Шаҳризод Шодиев Республика ёш ижодкорлар семинарида иштирок этган бўлса, Муяссар Мустафоева, Бобуржон Ўктамов “Йил талабаси” танловида ғолиб бўлган. Ҳуррият Ўрмонова ва Муяссар Мустафоева Навоий номидаги давлат степендияси соҳибалари бўлди. Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин.
Шунингдек, университет спорт клуби қошида футбол, волейбол, баскетбол, шахмат, стол тенниси, енгил атлетика, кураш, қўл тўпи, бадминтон тўгараклари ҳам фаолият кўрсатмоқда. Аҳамиятлиси, бу тўгараклар аъзоларининг кўпчилиги хотин-қизлар.
Университет ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти томонидан талабаларнинг спорт,маданият, фан ва инновация, замонавий касбларга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида турли хил тадбирлар, кўрик-танлов ва семинар–тренинглар ташкил қилинади.
- Талабалар турар жойларида “Заковат”, “Мунозара”, “Зукко китобхон”, “Квест”, "Фаст тайпинг” каби интеллектуал лойиҳалар мунтазам ташкил этилади, - дейди университет ёшлар етакчиси Аллаёр Норбоев. - “Талабалар лигаси” шахмат мусобақаси, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи аъзолари бўлган ёшлар иштирокида спортнинг "Стреет wоркаут” тури бўйича иттифоқ очиқ турнири ўзига хос ўтади.
“Қалқон” жамоатчилик гуруҳи ҳақида сўз кетганда шуни қўшимча қилиш керакки, гуруҳ аъзолари нафақат талаба-ёшлар ўртасида балки маҳалаларга бевосита кириб борган ҳолда мактаб ўқувчилари ҳамда уюшмаган ёшларда ватанпарварлик туйғусини шакллантириш мақсадида турли хил тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиб келмоқда. Ўқувчиларнинг таътил давомидаги бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида“Етакчилар карвони", "Биз соғлом турмуш тарзитарафдоримиз” шиори остида веломарафон, киберспорт тадбирлари ва бошқа йирик лойиҳаларамалга оширилмоқда.
Самарқанд давлат чет тиллар институтида ҳам талаба-ёшлар учун маънавий-маърифий ва илмий йўналишдаги 40 га яқин тўгараклар фаолият олиб боради. Уларга 4 минг нафардан зиёд талабақамраб олинган.
- Талабаларимизнинг катта қисми қизлардан иборат, - дейди инглиз тили факультети декани Бегзод Пўлатов. - Шунинг учун ҳам уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган тўгараклардан ташқари, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиб келинади. Ҳар бир факультетда хотин-қизлар билан алоҳида шуғулланиш учун бир нафардан аёл ўқитувчи масъул қилиб бириктирилган. Улар факультетларда, қолаверса, талабалар тураржойларида “Эрта турмуш қуриш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари”, “Қизларни оилага тайёрлаш”, яъни уларни ошпазликка, тикувчиликка, қайнона-келин ўртасидаги келиб чиқиши мумкин бўлган салбий муносабатларнинг олдини олишга ўргатиш мавзуларида тадбирлар ташкил этилади.
Мисолларда келтирилгани каби турли тўгараклар ва тадбирлар бошқа олий таълим муассасаларида ҳам ташкил этилади. Ёшларимиз учун шундай қўшимча имконият яратилар экан, афсуски, кўпчилик ундан оқилона фойдаланмайди. Ёшлигини маишатда ўтказган инсон ҳаётининг қолган қисмида қора меҳнат билан шуғулланиши эҳтимолдан холи эмас. Аксинча, озгина ўзини қийнаб, вақтдан унумли фойдаланиб илм ўрганса, келгуси ҳаёт йўли фаровон бўлиши табиий. Яна бир гап, талабаликни “олтин давр”, дейишади. Бу вақтни қандай ўтказиш ёшларимизнинг ўзига, дунёқарашига боғлиқ. Бу даврдаги беъмани вақтихушликлар уларнинг кўзига “олтин”дек кўринмаса, бўлгани.
Тўлқин СИДДИҚОВ.