Онажон, сарғайиб кутасан интиқ

Дилшода Саидолимова – Самарқанд фарзанди. У 1952 йилда Оқдарё туманида таваллуд топган. Самарқанд педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлагач, қишлоқ мактабида меҳнат фаолиятини бошлаган.

1975 йилдан кейин унинг ҳаёти Тошкент билан боғланди. “Ёш қаламкашлар” тўгараги раҳбари, 1977 йилдан Ғафур Ғулом номидаги нашриётда муҳаррир, 1994 йилдан Республика радиосида катта муҳаррир бўлиб ишлади.
“Умидим” номли илк шеърлар тўплами 1980 йилда Ғафур Ғулом номидаги “Адабиёт ва санъат” нашриётида нашр қилинган. 1986 йилда “Сен менинг қувончимсан” ҳикоялар тўплами чиқди. Кекса ижодкор “Қизлар”, “Кичкина аммам” китоблари муаллифи. 2022 йилда “Хаёлим гули” шеърлар тўплами, 2023 йилда “Урушдан қайтмаган болалар” ҳикоялар ва қатралар тўплами ўқувчилар қўлига тегди.
Қуйида ижодкорнинг шеърларидан баҳраманд бўласиз.

***

Оқдарёдан йироқда...
Тўқайзорлар ичра сокин,
Чайқалиб келар у мудом.
Момо янглиғ ўзи, локин
Келинчак қиздай Оқдарём.

Мовий-мовий тўлқинлари,
Хаёлимга тўр солади.
Юмшоқ қумли қирғоқлари,
Хотирамга қўл солади.

Анча бўлди, бехабарман
Кўпдан сендан йироқдаман.
Бунда гули беанбарман
Тик қояли қирғоқдаман.

Кўпдан сендан олисдаман, мен
Чўмилмадим тўлқинларингда.
Кўпдан сочим силамадинг сен,
Чарх урмадим қушдай бағрингда.

Ташвишлардан холи болалик,
Қолди мангу қирғоқларингда.
Вужудимда сўнгсиз ташналик,
Қовриламан фироқларингда...

УЧРАШУВ
Онажон, сарғайиб кутасан интиқ,
Интиқлик рангига киради чеҳранг.
Борлигинг ишончу идрокка тўлиғ,
Бепарво кунлар-чи, келтирмас боланг.

Бардошларинг ақлингдай камол топган,
Эртадан хушнуд бир хабар кутасан.
Кўзларинг сўнгги йўқ ўйлардан толган,
Ҳадик, хавотирни сувдай ютасан.

Қиз бола дейсан-да. Бегона шаҳар...
Ғунчалаб кетади бошингда осон,
Ёмонликнинг турли-туман гуллари,
Айниқса, қиш чоғи узоқ тунлари.

Безовта хаёлинг чорлайди тинмай,
Бир кун шамолдайин кириб бораман.
Қувончларимни мен унча билдирмай,
Бағрингга томчидай сингиб кетаман.

БЕКАТЛАР
Манзил сари елар автобус,
Уфқларга туташ йўл бўйлаб.
Ҳар бир бекат товланган товус,
Дугонажон, кўргин бир ўйлаб.

Лекин сўнгги бекатга етмай
Кимдир тушар, кимлардир чиқар.
Инсон умри, ҳаёт ҳам шундай,
Бекатлардан-бекатга чопар...

Болалик ҳам ўтди, чамамда,
«Опа» дея аташар қизлар.
Ҳадемайин ўзга чаманда
«Янга» бўлиб қоламиз бизлар.

Янги бекат чорлагай кейин,
У манзилнинг номи кўп улуғ
«Она» дея аташар, тайин
Унда дил ҳам нурларга тўлиқ...

Манзил сари от қўяр умр,
Кўрмаганинг гўзалдир ҳар дам:
«Буви» этиб, сўнгра кимгадир,
Етиб келар сўнгги бекат ҳам...

ЎЧИРИЛГАН САТР
Нохуш сатр, чизилган сатр,
Ўчирибсан сен уни атай.
Ўз-ўзингни этгандай инкор,
Кўчирибсан ва яна такрор.

Майли, қоғоз кўп-ку дунёда,
Истаганча ўчир, қайта ёз.
Лекин вайрон бўлган кўнглимни,
Фақат унга қилмагин қиёс.