Оналарнинг бемор болага ғамхўрлик қилишга билими етарли(ми?)

Йиғласа, болага шакар тутаётган оналар

Ярим тунда уй дарвозаси тақиллади, кимдир “Дўхтир бобо!” деб бир неча бор чақирди, ёш боланинг чинқириб йиғлаши ҳам қулоққа чалинарди. Врачлик амалиётимда бундай чақирувларга кўникиб қолганман. Ташқарига чиқсам, икки аёл - бири ёш, иккинчиси кексароқ, қўлида чақалоқ. Гўдакни кўриб қўйишимни, бир неча кундан бери безовта эканини айтишди. Болага нима бўлганини сўрадим.

-   Чақалоқ 5-6 кундан буён тинимсиз йиғлайди, умуман ухламайди, айниқса бугун, йиғлаганига 5 соатдан ошди, - деди гўдакнинг онаси.

Болани текширдим, иситмаси йўқ, нафас, юрак, буйрак тизимида ўзгаришлар аниқланмади, лекин қорни таранглашиб кетган, пайпаслаганда боланинг йиғлаши ортар эди. Шифокор сифатида берган саволларимга катта онаси жавоб берарди. “Нега онаси эмас, фақат сиз гапиряпсиз”, деб сўрасам, “Ҳали онаси ёш-да, энди 19 га кирган, болага қарашни тушунмайди” деб жавоб қайтарди қайнона.

- Боланинг қорни нега бунча таранглашиб кетган, нима беряпсизлар?

- Эмиши яхши. Йиғлаганида эмизяпти. Қувват бўлсин, деб онасига ҳар куни новвот, мураббо берамиз.

- Болага яна нимадир овқат бергансизлар...

- Кўп йиғлагани учун онаси сутига тўймаган бўлса керак, деб новвот сувига печенье ивитиб едирган эдик.

- Ҳар куни новвот истеъмол қилгани учун она сутида ширинлик кўпайиб кетган, бола буни ҳазм қилиши қийин. Шунинг учун қорни дамлаган, газ кўп ҳосил бўлганда ичакларда санчиқ пайдо бўлган. Бола кўп йиғлаши шундан, очликдан эмас. Ҳам она сути, ҳам печенье болага кучлилик қилган, ҳазм қилолмаган. Овқатланиш тартиби ва меъёри бузилган, печеньега келсак, уни бир ёшдан сўнг тавсия этиш мумкин. 6 ойгача қўшимча овқат мумкин эмас, онанинг сути етарли.

Ўйланиб қоламан. Қачонгача соғлом болалар онасининг айби билан касалланишади, касалланган бола аҳволи оғирлашиб қолганда ва нохуш ҳодисаларга олиб келгандагина уларга тиббий ёрдам кўрсатилади? Гап нимада? Бўлажак онанинг фарзанд кўришга тайёр эмаслигидами ёки тиббий маданиятнинг пастлигида? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида бир неча йиллар мобайнида оналик ва болалик саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича илмий изланишлар олиб боряпман.

6 ойликкача бўлган болаларнинг 37 фоизига қўшимча овқат берилган

Она ва бола организмига геоэкологик факторларнинг таъсирини ўрганиш бўйича илмий тадқиқот олиб бориш ва профилактик чоралар ишлаб чиқиш долзарб ҳисобланади.

Оналар соғлиғини ҳар томонлама баҳолаш бўйича вилоятимизда ўтказилган тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатдики, ҳомиладорлик пайтида аёлларда камқонлик 68 фоиз, токсикоз 64 фоиз, ҳомиладорлик давридаги хавфли ҳолатлар 27 фоиз, юқори артериал қон босими 25 фоиз, яллиғланиш касалликлари 51 фоиз ҳамда сурункали касалликлар 19 фоиз қайд этилган. Шунингдек, ҳомиладор аёллар бошоқли ва дуккакли маҳсулотларни 61 фоиз, сабзавот, мева ва кўкатларни 60 фоиз, сут ва сут маҳсулотларини 56 фоиз, гўшт ва гўшт маҳсулотларини 60 фоиз, балиқ маҳсулотларини 75 фоизга кам истеъмол қилиши аниқланган. Текширувлар натижасида мунтазам равишда сунъий ширинликлар (новвот, гранулаланган шакар)ни 86 фоиз ҳамда 91-100 фоиз чой истеъмол қиладиган оналар қайд қилинган. Сўровда иштирок этган оналарнинг 44 фоизи оилаларнинг ижтимоий таъминоти етарли даражада эмаслигини, 52 фоизи соғлом ва бемор болага ғамхўрлик қилиш бўйича билим ва малакаси етишмаслигини билдирган.

Шундай қилиб, оналарнинг кўп касалликларга чалиниши, норационал овқатланиши ҳамда соғлом ва бемор болага ғамхўрлик қилиш бўйича билими, кўникмаси пастлиги оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишда бир қатор муаммоларни туғдирмоқда.

Оналар ва уларнинг гўдаклари микронутриентлар мувозанати ривожланишининг хавфи юқори бўлган гуруҳга киритилиши, оналарнинг рационал овқатланиш, соғлом турмуш тарзи, болаларни тўғри парваришлаш ва тиббий маданият тўғрисида билимлари пастлигидан далолат беради.

Ушбу сўров натижаларидан кўринадики, она ва бола саломатлигини микроэлементлар етишмовчилигини ҳисобга олган ҳолда муҳофаза қилишнинг тиббий-ижтимоий тизимини яратиш ва уни давлат дастурларига киритиш орқали ҳал этиш мумкин.

Шундан келиб чиқиб, микронутриент танқислигини ҳисобга олган ҳолда, оналар ва болалар саломатлигини сақлаш бўйича бир неча босқичдан иборат микронутриент етишмовчилигининг олдини олишга қаратилган тиббий ва ижтимоий ёрдам режасини ишлаб чиқдик ҳамда амалиётга жорий қилишни режалаштирдик.

Аввало, микронутриентлар етишмовчилигини ҳисобга олган ҳолда республиканинг экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларида яшовчи эмизикли ёшдаги болалар ва уларнинг оналарида соғлиқ билан боғлиқ муаммоларни эрта аниқлаш ҳамда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган янги тиббий ва ижтимоий усулларни жорий этиш лозим.

Микроэлементлар етишмовчилиги (Д витамини, кальций, фосфор, магний, темир, рух, мис ва бошқалар)ни ҳисобга олган ҳолда эмизикли оналар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатишнинг янги технологияларини соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинида, қизлар орасида ва ёш оилаларда жорий этиш.

Экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларда коррекциялаш, нутрицион қўллаб-қувватлаш ва олдини олишнинг янги ишлаб чиқилган узум шинниси, узум ғўроби, сумалакли печенье, халиса каби миллий таомларнинг шифобахшлигини очиб бериш, амалиётга жорий этиш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш керак.

Сайдулло Расулов,

тиббиёт фанлари доктори.