Оқдарё устидан икки туманни боғлаб турадиган кўприк қурилмоқда
Пайариқ туманининг Олмазор ҳамда Оқдарё туманининг Ўзбекистон маҳаллалари ўртасидаги яроқсиз аҳволга келиб қолган кўприк қайтадан қурила бошланди.
Оқдарё дарёси устидан қурилган бу кўприк 2012 йилда сув тошқини туфайли бузилганди. Оқибатда бу ерлик аҳоли 15 километр ўрнига 45 километр йўл босиб, манзилга боришга мажбур бўлганди. Ўтган йили фақатгина пиёдалар ўтиб қайтишлари учун темир осма кўприк ўрнатилди.
Бир ҳафта аввал «Самарқанд кўприклардан фойдаланиш» унитар корхонаси ишчилари томонидан кўприкни қуриш ишлари бошланди. Айни пайтда корхонанинг 20 нафар ишчи-мутахассислари 10 турдаги замонавий техникалар билан дастлабки ишларни амалга оширмоқда.
- 4 миллиард сўм сарфланиши режалаштирилган мазкур кўприкнинг узунлиги 42,5 метр, эни 10 метрни ташкил этади, - дейди корхона раҳбари Аҳад Ўроқов. – Шунингдек, икки ёнида пиёдалар йўлакчаси ҳам барпо этилади. Икки томондан ҳам йўл асфальт қилиниб, барча турдаги транспорт воситалари бемалол ҳаракат қилади.
Дилмурод Тўхтаев.