Оқдарёлик ўқитувчиларнинг илғор иш тажрибаси республикада оммалаштирилди

Оқдарё туманидаги 52-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари Жасур Тиркашев ва Ҳуснора Нарзуллаеваларнинг “Она тили фанидан ўқитувчилар, абитуриентлар ва мактабларда вариатив тизимда ўқувчилар учун амалдаги дарсликлар асосида тузилган ўқув-услубий қўлланма”си республика миқёсида оммалаштирилди.

Ўқувчиларга она тили ва адабиёт фанидан дарс бериш давомида уларнинг билимида аниқланган бўшлиқларни тўлдириш мақсадида яратилган ушбу методик қўлланма Жасур Тиркашев ва Ҳуснора Нарзуллаеваларнинг иш фаолиятида амалиётда қўлланилиб, қисқа муддатда ўзининг ижобий самарасини берди. Ўтган 2020-2021 ўқув йилида 52-ИДУМининг 45 нафар битирувчиларидан 36 нафари олий таълим муассасаларининг талабалари бўлиш бахтига муяссар бўлди. Шундан 17 нафари давлат гранти асосида талабаликка тавсия этилди.

- Жорий ўқув йилида ҳам мактабимизнинг 150 нафардан ортиқ ўқувчилари турли йўналиш бўйича олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тайёргарлик кўрмоқда. Улар дарс давомида ва дарсдан ташқари машғулотларда ҳар бир мавзу бўйича шуғулланиб, билимларини мустаҳкамлаб боришмоқда. Ўйлайманки, ушбу йилда ҳам мактабимиз ўқувчилари ишончимизни оқлайди, - дейди Жасур Тиркашев.

Дилором Aбдураҳмонова,

вилоят ХТБ методисти.