Ўқитувчига эътибор ошяпти. Энди у ҳам ижодкорлик, ташаббускорлик хислатларини намойиш этиши керак
Ҳозир кадрлар сифатини ошириш ва педагогларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш таълим соҳасининг энг долзарб муаммоларидан бири саналади. Чунки ўқитувчида барча педагогик ғоялар мужассамланган бўлиб, унинг фаолияти орқали улар амалга оширилади ва ҳаётга татбиқ этилади. Педагог кадрларнинг кўп қиррали ва мураккаб фаолияти замирида ёш авлодни одобли, ахлоқли қилиб тарбиялаш, уларни билимлар билан қуроллантириш каби муҳим вазифалар ётади. Буларни амалга ошириш эса педагог кадрларнинг самарали фаолияти, яъни уларнинг болаларни ўқитиш, мактабдан ва синфдан ташқари тарбиявий ишларни ташкил эта олиши, ота-оналар ўртасида педагогик тарғибот ишларини олиб боришларига боғлиқ. Булар эса ўз навбатида, педагог кадрлардан чуқур билим, соҳага фидойилик, болаларни севиш талаб этилади.
Ушбу талаблар Таълим концепциясида ҳам ўз ифодасини топган: “Мутахассис малакаси - чуқур умумий билим, кенг дунёқараш ва касб тайёргарлиги, компьютер саводхонлиги, ўз билимини тезлик билан янгилаш ва тўлдира олиш қобилияти сингари омиллардан ташкил топади. Шулар қаторида унинг интизоми, масъулият, зиёлилик, ўз ишига, мамлакати мустақиллигига, Ватан ва жаҳон тараққиёти йўлида эзгулик ва адолатга садоқат туйғуларини ҳам тарбиялаш зарур”.
Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан педагог кадрларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш борасида қатор ҳужжатлар қабул қилиниб, ўқитувчиларга кўпгина имтиёзлар берилди, уларнинг иш ҳақлари оширилди.
Бундай рағбат ва ўқитувчи мавқеининг оширилиши уларнинг фаолиятидаги кўникма, малака, билимларини оширишига ижобий таъсир кўрсатиш баробарида таълим мазмунини бойитишга ҳам хизмат қилади.
Энди ўқитувчи иш вақтининг 2/3 қисмини ўқув-тарбиявий жараённи тайёрлаш ва амалга оширишга сарф қилишига тўғри келади. Касбий тайёргарлик, давлат томонидан қўйилган талабларга мос равишда ўқитувчи ҳам ижодкорлик хислатларини, ўқитиш жараёнига замонавий технологияларни татбиқ эта олиш маҳоратини намоён этиши лозим.
Нафиса ИСМОИЛОВА,
юридик техникум психологи.