Ўқитувчиларнинг услубий қўлланмалари вилоят миқёсида оммалаштирилди. Улар кимга, қандай наф беряпти?

Вилоятимиздаги бир қатор мактаблар ўқитувчилари ҳамкасбларининг касб маҳоратини мустаҳкамлаш учун услубий қўлланмалар яратмоқда. Хусусан, Ургут тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчи-мураббийлар ўзларининг бой тажрибаси, амалиёти ва билимларини қўллаб, услубий қўлланмалар ишлаб чиқди. Эътиборлиси, бу қўлланмалар нафақат туман, балки вилоятдаги мактабларда кенг оммалаштирилмоқда.

Жумладан, 81-умумий ўрта таълим мактабининг география фани ўқитувчиси И.Раҳимовнинг “Ургутнинг географик ўрни”, 121-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Д.Аблоёрованинг “Бошланғич синф ўқитувчилари учун”, 7-мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси Ш.Муродовнинг “Интегрированные уроки русского языка и литературы”, 30-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Б.Аҳмедовнинг “Ургутнинг муқаддас қадамжолари”, 5-мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси А.Ғуломовнинг “Изучение частей речи на уроках русского языка”, 136-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Т.Аминовнинг “PISA топшириқларини онлайн тарзда ўтказиш ва таҳлил қилиш” деб номланган услубий қўлланмалари туман ва вилоят миқёсида оммалаштирилди. Натижада ёш ва тажрибасиз ўқитувчилар бу қўлланмаларни ўз дарс жараёнларида қўллаб, ўқувчиларга сабоқ беришда яхши самарага эришмоқда.

Муаллимлар яна қатор услубий қўлланмалар яратиб, оммалаштиришга бел боғлашган. Масалан, 34-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси У.Қосимовнинг услубий қўлланмаси, 22-умумий ўрта таълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси А.Бобоевнинг “Тарих фанини ўқитиш методикаси”, 8-умумий ўрта таълим мактабининг кимё фани ўқитувчиси А.Рустамовнинг “Кимё фанидан ақл машқи” каби услубий қўлланмаларни туман миқёсида оммалаштириш режалаштирилган.

Э.Пўлатов,

Ургут тумани халқ таълими бўлими бошлиғи ўринбосари.