Ўқув йили якунланди: Янгиликлар, ютуқлар ва камчиликлар

Мактабларда 2024-2025-ўқув йили якунланди. Йил давомида вилоятимиз мактаб ўқувчилари қандай ютуқларга эришди? Педагоглар учун қандай янгиликлар бўлди? Келинг, шулар ҳақида бироз мушоҳада қиламиз.
Жорий йилнинг март ойида умумтаълим фанлари бўйича асосий олимпиаданинг республика босқичи бўлиб ўтди. Асосий олимпиаданинг республика босқичида вилоятдан 51 нафар ўқувчи иштирок этди. Фан олимпиадасининг республика босқичи натижаларига кўра:
- давлат ва ҳуқуқ асослари фанидан Оқдарё туманидаги 45-мактаб ўқувчиси Дилора Ҳошимова 3-ўринни;
- тожик тили фанидан Самарқанд туманидаги 43-мактаб ўқувчиси Иззатилло Негматов 3-ўринни;
- она тили ва адабиёт фанидан Самарқанд шаҳридаги 59-“Нурли маскан” мактаб-интернати ўқувчиси Назокат Бутунбоева 1-ўринни;
- тарих фанидан Самарқанд шаҳридаги 59-“Нурли маскан” мактаб-интернати ўқувчиси Наврўзбек Қўйлиев 2-ўринни эгаллади.
Умумжамоа ҳисобида вилоятимиз республикада 6-ўринни қўлга киритди.
Ўтган ўқув йили сарҳисобига назар ташласак, 9 нафар ўқувчи фан олимпиадасининг мамлакат босқичида ғолиб бўлиб, умумжамоа ҳисобида республикада биринчи ўринни эгаллаган эди. 2024-2025-ўқув йилида эса бу кўрсаткич анча пасайиб кетди. Бу пасайиш фан олимпиадасининг туман (шаҳар), вилоят босқичлари шаффоф ўтмаганидан дарак беради. Ўтган йили фан олимпиадасининг туман, вилоят босқичларида мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг талабчанлиги сезилиб турганди. Бу йил ана шундай назорат сезилмади.
Шунингдек, 2024-2025-ўқув йилида ўқувчиларимиз халқаро олимпиадаларда ҳам иштирок этиб, бир қатор ютуқларга эришди. Жумладан, Ҳиндистонда 30 та давлатдан 576 нафар иқтидорли ўқувчи иштирок этган халқаро математика мусобақасида Каттақўрғон туманидаги 48-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Давронбек Дониёров 3-ўринни қўлга киритиб, бронза медал соҳиби бўлди.
2024 йил 2-12 декабр кунлари Руминияда ўтказилган 21-халқаро табиий фанлар олимпиадасида Паяриқ туманидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 9-синф ўқувчиси Ўзбекистон терма жамоаси сафида иштирок этди.
2025 йил 8-13 май кунлари Тошкент шаҳрида Ал-Хоразмий номидаги халқаро математика ва информатика олимпиадасида Туркия, Озарбайжон, Беларус, Малайзия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон жамоаларидан 202 нафар иштирокчи қатнашди. Ушбу нуфузли халқаро мусобақада Қаттақўрғон туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Ашрафжон Равшанов кумуш медал, Паст Дарғом туманидаги 2-ихтисослаштирилган мактабнинг 7-синф ўқувчиси Жаъфар Нурмурадов бронза медални қўлга киритди.
Ўқув йили давомида ўқувчи-қизлар ўртасида информатика фанидан ҳам қўшимча олимпиадалар ташкил этилди. Жумладан, спорт, дастурлаш ва информатика бўйича иқтидорли қизларни кашф этувчи “ICT4Girls” Ўзбекистон ўқувчи-қизлар олимпиадаси ташкил этилди. Олимпиаданинг республика босқичида ИТ бўйича Каттақўрғон шаҳар 20-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Солиҳа Дагарова 1-ўринни, Самарқанд туманидаги 9-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Жасмина Тармашева 2-ўринни қўлга киритди.
Умуман олганда, вилоятимиз ўқувчилари жорий йилда халқаро кўрик-танловларда 186 та, республика кўрик-танловлари, мусобақа ва фестивалларида 374 та фахрли ўринларни эгаллашди.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги 42-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси, икки карра жаҳон чемпиони, шахмат бўйича Ўзбекистон аёллари терма жамоаси аъзоси Афруза Ҳамдамова ва Паст Дарғом туманидаги 52-мактабнинг она тили фани ўқитувчиси Гулҳаё Анорова Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди.
Ёш авлод ўртасида китобхонлик муҳитини юксалтириш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон” танловининг 10-14 ёш тоифаси бўйича республика босқичида Нуробод туманидаги 4-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Гулмира Норпўлатова фахрли 2-ўринни эгаллаб, 75 000 000 сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Жорий йил апрел ойида мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва MY5 телеканали ҳамкорлигида ташкил этилган “Гравитацион идрок” билимдонлар беллашувида Иштихон туманидаги 48-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Мадина Каттақулова 1-ўринни эгаллаб, “Траcкер” автомобили билан тақдирланди.
Ўқувчиларнинг бундай ютуқларни эгаллашида, албатта, педагогларнинг ҳиссаси катта. Бугун мактаб педагоглари ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Уларнинг меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, қўшимча устама пуллари беришнинг ҳам бир қатор талаблари бор. Масалан, миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиш, ўқувчиларини халқаро ёки республика фан олимпиадаларига олиб чиқиш каби талаблар ўқитувчиларнинг устамаси, тоифаси ошишига ёки бир марталик пул мукофоти билан тақдирланишига сабаб бўлади.
55 фоиз педагог аттестация имтиҳонидан қониқарсиз балл олди
Бу йилги педагоглар учун аттестатсия имтиҳонлари билимли ва тажрибали ўқитувчиларга яна бир имконият эшигини очди. Тест синовларидан 86 ва ундан юқори балл тўплаган педагогларга 70 фоиз устама пули бериладиган бўлди. Албатта, бундай натижага эришиш осон эмас, аттестатсия жараёнларида қатнашган ўқитувчиларнинг аксарияти тест саволларининг мураккаб эканидан шикоят қилди.
- Жорий йилнинг апрел-май ойларида педагогларнинг малака тоифаси учун бўлиб ўтган аттестатсия жараёнларида 17466 нафар ўқитувчи қатнашди, - деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов. – Натижалар шуни кўрсатдики, тест синовларида иштирок этган педагогларнинг 55 фоизи қониқарсиз балл олди. Тўғри, уларнинг ичида навбатдан ташқари, ўз хоҳиши билан иштирок этган ўқитувчилар кўп. Бундай педагоглар ўз тоифасини сақлаб қолди, аммо навбатдаги аттестатсия имтиҳонида қатнашган ўқитувчилар малака тоифасини йўқотди. Аттестатсия натижаларидан шу хулосага келдикки, педагогларимизнинг билим ва маҳоратини ошириш учун уларни малака оширишга кенгроқ жалб қилишимиз керак экан.
Педагоглар табақалаштирилган шаклда малака оширади
Президентимизнинг 2024 йил 21 июндаги “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларининг ходимлари беш йилда бир маротаба ишдан ажралган ҳолда малака оширади.
Жорий йилдан бошлаб малака ошириш тизими табақалаштирилган шаклга ўтказилиб, вилоятдаги олий ва биринчи тоифали педагогларга алоҳида, иккинчи, мутахассис ва ўрта махсус маълумотли педагогларга алоҳида дастур бўйича малака ошириладиган бўлди.
- 2025 йилда вилоятда 12315 нафар педагог ходимлар узлуксиз касбий таълим платформаси ва менежерлик ўқув курсларида малака оширади, - деди вилоят Педагогик маҳорат маркази академик фаолият бўйича директор ўринбосари Сарвар Муродов. – Уларнинг 1275 нафари мактабгача таълим ва 10290 нафари мактаб таълими ўқитувчилари, 500 нафар жисмоний тарбия фани ўқитувчилари, 250 нафар мактаб директорларидир. Жорий йилнинг биринчи чорагида 3698 нафар педагогларнинг малака ошириши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 3739 нафар педагог малака оширди.
Яна бир муҳим янгиликлардан бири ўқитувчиларнинг узлуксиз касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва касбий маҳоратини ошириш учун тегишли шарт-шароитларни яратиш мақсадида таълим муассасалари педагоглари учун “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожлантириш соати” тадбирлари жорий этилди.
Вилоятда ташкил этилган бундай тадбирларга аниқ фанлар (математика ва информатика), табиий фанлар (физика, биология, кимё, география), бошланғич таълим ва инглиз тили йўналишлари бўйича 182 та таянч мактабларга 16 нафар мастер-тренер, 194 нафар ментор-тренер, 5020 нафар етакчи ўқитувчилар ва 26043 нафар фан ўқитувчилари жалб этилди.
Раҳбарларнинг ҳам иш ҳақи оширилди
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 19 мартда “Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида бошқарув тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ходимларининг маошига кўп йиллик хизматлари ҳисобга олинган ҳолда устамалар тўланадиган бўлди. Ушбу соҳа ходимларининг меҳнат стажи қанча кўп бўлса, уларнинг маошига шунча кўп устама пуллари тўланади.
Шунингдек, фармонга асосан, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимининг базавий тариф ставкаси 20 фоизга, умумий ўрта таълим муассасалари директори ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаси 15 фоизга оширилади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.