Ўқувчилар билими, ўқитувчилар тажрибаси ошиши университет профессорлари эътиборида

Мактабларда таълим сифати ва самарадорлигини оширишга оид муаммоларни ўрганиш, бартараф этиш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш мақсадида Самарқанд давлат университети филология факультети ўзбек тилшунослиги кафедрасига Ургут тумани Терак маҳалласида жойлашган 73-умумий ўрта таълим мактаби бириктирилган.
Мазкур мактаб 540 ўринга мўлжалланган бўлса-да, ҳозирги кунда бу билим даргоҳида икки сменада 862 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Уларга 70 нафар ўқитувчи таълим бермоқда.
Аввало, дастлабки кунлардан мактаб жамоаси билан учрашиб мавжуд камчиликлар аниқланди, уларни бартараф этиш чоралари ишлаб чиқилди. Шу асосда ўқитувчиларга тегишли тавсиялар, кўрсатмалар бериб келинмоқда. Кутубхона фондини бойитиш мақсадида университет ҳамда кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан 200 дан ортиқ бадиий китоблар топширилди.
Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун мактаб битирувчиларига ўзбек тилшунослиги кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан доимий равишда зарур йўналишлар бўйича маълумотлар берилди, йўналишларга мос фанлар кесими таништирилиб борилмоқда.
Битирувчи синф ўқувчилари билан алоҳида ишлаш, уларни ОТМлар кириш имтиҳонларига пухта тайёрлаш мақсадида мактабнинг салоҳиятли ва тажрибали ўқитувчиларидан иборат тайёрлов курслари тизимли йўлга қўйилди, зарурий қўлланмалар, йўналишлар кесимида тестлар базаси билан мунтазам таъминлаб турилди. Махсус абитуриент бурчаги ташкил қилиниб, изчил равишда турли маълумотлар киритилиб бориляпти.
Шунингдек, 2020-2021 ўқув йилида ҳар бир битирувчига 1 нафардан ўқитувчи бириктирилиб, уларга ўқувчининг дарс қилиши, қўшимча ўқув жараёнларига қатнашиши бўйича доимий назорат юклатилди. Мактаб битирувчиларининг ўзи танлаган олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичларини ошириш учун Халқ таълими вазирлиги томонидан тавсия этилган “ВАРИАТИВ ЎҚУВ РЕЖА” асосида ўқув жараёнлари ташкил этилди, ҳар бир фан жиддий назорат қилинди.
Мактабда ўқитувчиларига факультет декани А.Пардаев бошчилигида ўзбек тилшунослиги кафедраси мудири, доцент Ш.Маҳмадиев, профессор С.Каримов, доцентлар А.Ғаффоров, Р.Сувонова, О.Юсупова, филология фанлари бўйича фалсафа докторлари С.Умирова, Б.Ҳолмуҳаммедов, ассистентлар Д.Исломова, С.Қурбонов каби ўқитувчилар томонидан ҳар ҳафта инновацион технология ва интерфаол усулларни дарс жараёнида самарали қўллаш юзасидан мастер-класс ва семинар-тренинглар ташкил этилиб борилди. Ўқувчиларга қизиқарли намунавий очиқ дарслар ўтказилди.
Булардан ташқари, битирувчиларнинг ота-оналари, жамоатчилик назорати кенгаши вакиллари, мактаб раҳбарияти, маҳалла раиси, нозири иштирокида давра суҳбатлари ташкил этилди, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш давомати, тартиб-интизоми ҳақида маълумот берилди. Ўқувчиларнинг фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари улардан олинган назоратлар натижалари асосида таҳлил қилинди, ўзлаштириши паст бўлган ўқувчиларнинг ота-оналарига фарзандининг дарсларини жиддий назорат қилиши лозимлиги тайинланди.
Дарвоқе, 25 май куни мактабда сўнгги қўнғироқ тадбири ўтказилди. Унда кафедрамиз профессор-ўқитувчилари иштирок этди ва аъло баҳолар билан тугатган ўқувчиларга фахрий ёрлиқ ва турли совғалар улашди.
Шерзод Нормўминов,
Фурқат Нурмонов,
СамДУ ўзбек тилшунослиги кафедраси ўқитувчилари.