Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ордер бериш тартиби ўзгарди

Президентимизнинг “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тизимини такомиллаштириш бўйича бир қатор муҳим вазифалар белгиланди.

Айни кунларда аҳолига республикада 9 ҳамда вилоятдаги олтита ихтисослашган тиббиёт муассасаларида ордер бериш тартиби йўлга қўйилган. Жорий йилнинг етти ойи давомида вилоятимиздаги 2374 нафар аҳолига стационар, 1641 нафарига амбулатор даволаниш учун ордер берилган. Ордер бериш тартиби касалликнинг даражасига қараб белгиланади. Баъзида ордер олиш учун ойлаб навбатда туришга тўғри келарди. Мамлакатимиз раҳбарининг юқоридаги қароридан келиб чиққан ҳолда жорий йил 1 октябрдан бошлаб юртимиздаги 13 та ихтисослаштирилган давлат тиббиёт муассасаси ва Болалар миллий тиббиёт марказига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилинади ва молиялаштиришнинг янги механизми асосида уларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллашнинг электрон ахборот тизими жорий этилади.

Имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни ихтисослаштирилган муассасаларга даволанишга йўллашда касалликнинг оғирлик даражасидан келиб чиқиб ахборот тизими орқали навбатда туришнинг шаффоф механизмлари татбиқ этилади. Кам таъминланган оилаларга мансуб шахслар тоифасига кирувчи фуқаролар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига мувофиқ аниқланади. Шунингдек, беморларга ўзларининг сўровлари, мурожаатлари ҳамда навбати ҳақидаги ахборотни реал вақт режимида олиш имконияти таъминланади. Беморларга, уларнинг касаллигига мувофиқ ихтисослаштирилган муассасаларда даволанишларини таъминлайдиган, тиббий хизматнинг қиймати кўрсатилган ҳамда матрицали штрих код (QR-код)га эга бўлган йўлланма берилади. Йўлланма ахборот тизимида автоматик тарзда шакллантирилгач, давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотларида тиббий хизматлар олиш ҳуқуқини беради.

Бемор даволанганидан сўнг Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси даволаган муассасага базавий нархлар доирасида беморга кўрсатилган тиббий хизматларни асословчи ҳужжатларга мувофиқ, сарфланган маблағни Давлат бюджети ҳисобидан ўтказиб беради.

Қарорга мувофиқ, амалдаги ордер бериш тартибига асосан расмийлаштирилган ордерлардан 2022 йил 1 январга қадар фойдаланиш белгиланган.

Саидмурод ЎТАМУРОДОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходими.