Оромгоҳда ишлайдиган кишининг виждони уйғоқ, кўзи тўқ бўлиши керак

Вилоят ҳокимлигининг бугун ўтказилган санитар соатида вилоятимиздаги болалар ёзги оромгоҳларидаги ҳолат таҳлил қилинди.

Тегишли ишчи гуруҳ томонидан шу йилнинг 1-3 июль кунлари оромгоҳларда ўтказилган ўрганиш ишлари якунлари мутасаддилар иштирокида муҳокама қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Бугунги кунда вилоятимизда 17 та доимий болалар ёзги оромгоҳи фаолият кўрсатмоқда. Уларда 4 даврада 9310 нафар бола ҳордиқ чиқариши режалаштирилган. Айни пайтда оромгоҳларда биринчи давра тугаб, иккинчи даврада 2 405 нафар бола дам олмоқда.

Афсуски, ўрганиш жараёнида аксарият оромгоҳларда ободонлаштириш ишлари талаб даражасида олиб борилмагани, таом тайёрлаш ва озиқ-овқат маҳсулотлари сақлашда санитария талабларига риоя этилмаётгани кузатилди.

Жумладан, Жомбой тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги “Қалдирғоч”, Иштихон тумани тиббиёт бирлашмасининг “Шифокор гулшани”, Иштихон тумани халқ таълими бўлимига қарашли “Қувноқ”, Самарқанд тумани халқ таълими бўлимига тегишли “Учқун”, Паст Дарғом тумани халқ таълими бўлимининг “Янги Ўзбекистон”, Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги “Алпомиш”, Самарқанд тумани ҳокимлигининг “Ситора” болалар дам олиш оромгоҳлари ҳудудининг ободонлаштирилмагани, тозалик ва санитария қоидалари қўпол равишда бузилаётгани танқид қилинди. Айниқса, Нуробод тумани халқ таълими бўлимига қарашли “Қўшчинор” ва Пайариқ тумани халқ таълими бўлимининг “Камалак” оромгоҳлари масъуллар эътиборидан четда қолгани қайд этилиб, масъулларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.

– Ота-оналар жондан азиз фарзанди таътил вақтида дам олсин, яхши ҳордиқ чиқарсин, деб оромгоҳга олиб боради, – деди вилоят ҳокими Э.Турдимов. – Оромгоҳларда, албатта, шунга мос шароит бўлиши, бу масканларда ишлаётганлар болаларни ўз фарзандидек кўриб, уларга ғамхўрлик кўрсатиши керак. Шу болаларнинг ўрнига ўз болангизни қўйиб кўринг, фарзандингизга қандай эътибор берсангиз, оромгоҳга келганларга ҳам шундай қарашингиз керак. Боланинг ҳақини ейишдан, унинг дилига озор беришдан қўрқишингиз лозим. Бир сўз билан айтганда, оромгоҳга масъулларнинг, бу ерда ишлаётганларнинг виждони уйғоқ, кўзи тўқ, бағрикенг бўлиши керак.

– Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари якунларидан ва вилоят ҳокимининг гапларидан изза бўлдик, – дейди Нуробод тумани халқ таълими бўлими мудири Равшан Тўраев. – Оромгоҳларда болаларга зарур шарт-шароит яратишимиз, бунинг учун виждонимиз олдида ҳам жавоб беришимиз кераклигини англадик. Бугундан ўзим оромгоҳда туриб, кўрсатилган камчиликларни бартараф этишга бош бўламан. Шу ҳафтанинг ўзида барча камчиликларни тузатиша ваъда бердим.

Муҳокама якунида бир ҳафта муддатда оромгоҳлардаги ҳолат яна қайта ўрганилиши белгиланди, масъулларга нисбатан тегишли интизомий чоралар қўлланилди.