Ортиқча ундирилган солиқлар адлия аралашуви билан ечим топди
Фуқарога солиқ инспекцияси томонидан қўшимча солиқ тўлови қўлланилди. У бундан норози бўлиб, адлияга мурожаат қилди.
Жомбой тумани адлия бўлимига келиб тушган яна бир мурожаат шу мазмунда. Маълум бўлишича, туман ҳокимининг 2019 йил 18 апрелдаги 1394-Қ-сонли қарори билан фуқаро Т.С.га “Деҳқонобод” маҳалласида жойлашган якка тартибдаги уй-жойининг 0,1066 га. ер участкасидан 0,06 га. майдонига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан фойдаланишга, қолган 0,0466 га. ер участкасига вақтинча фойдаланишга берилиб, солиқ тўловларини тўлаш мажбурияти юклатилган.
Бироқ, кадастр органи томонидан 0,1066 га. ер участкасининг 0,06 га. қисми фуқаро Т.С.га мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида, бириктириб берилган 0,0466 га. ер участкаси эса ўзбошимчалик билан қўшиб олинган ер майдони сифатида кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган ва давлат рўйхатидан шу асосда ўтказилган.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сон қарори билан тасдиқланган “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 21-банди учинчи хатбошисида ер участкасига доимий эгалик қилиш, доимий ва муддатли (вақтинча) фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг муайян юридик ва жисмоний шахсга ер участкаси бериш тўғрисидаги, ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарори, “E-AUKSION” электрон савдо платформасида ўтказилган электрон аукцион натижалари ҳақида баённома асосида ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши рўйхатдан ўтказилиши белгиланган.
Солиқ кодексининг 437-моддаси тўққизинчи қисмига мувофиқ, фуқаро Т.С.га бириктириб берилган 0,0466 га. ер участкасидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганлиги сабабли солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг уч баравари миқдорида ҳисобланган ҳамда 507 991,06 сўм ортиқча солиқ тўлови ундирилган.
Жомбой тумани адлия бўлими томонидан Давлат кадастрлар палатаси туман филиалига киритилган тақдимнома асосида фуқаронинг муаммоси қонуний ечим топди ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси сифатида киритилган 0,0466 га. ер участкаси билан боғлиқ ҳолат бартараф этилиб, кадастр паспортининг мазкур қисми қонунчиликка мувофиқлаштирилди.
Шунингдек, адлия бўлими томонидан туман давлат солиқ инспекциясига киритилган тақдимнома асосида 2020-2022 йиллар давомида фуқаро Т.С.дан ер солиғи сифатида ундирилган солиқ тўловларини солиқ бўйича келгуси тўловлар учун ҳисобга олинди.