2025 йилда мол-мулк солиғида қандай ўзгаришлар бўлди?

Бу ҳақда вилоят солиқ бошқармаси давлат солиқ бош инспектори Бекзод Солиев маълумот берди.

Унга кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг нотурар объектлари бўйича мол-мулк солиғининг асосий ставкасини 1,5 фоиз миқдорида сақлаб қолган ҳолда солиқ базасини аниқлашдаги 1 квадрат метр учун ўрнатилган минимал қиймат қуйидагича белгиланмоқда:

Тошкент шаҳри учун – 3,3 миллион сўм (амалда 3 миллион сўм), Нукус шаҳри ва вилоят марказлари учун – 2,2 миллион сўм (амалда 2 миллион сўм) бошқа жойлар учун – 1,3 миллион сўм (амалда 1,2 миллион сўм).

Солиқ кодексининг 422-моддасига ўзгартиришлар киритиш орқали жисмоний шахсларнинг тураржой объектлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ставкалари 10 фоизга индексация қилинган ҳолда қуйидагича белгиланмоқда:

республика бўйича жойлашган, умумий майдони 200 квадрат метргача бўлган уй-жойлар ва квартиралар, дала ҳовли иморатлари учун – 0,34 фоиз;

шаҳарларда жойлашган, уй-жойлар ва квартиралар, дала ҳовли иморатлари учун:

– 200 кв/м.дан ортиқ ва 500 кв м гача бўлганлар учун – 0,45 фоиз;

– 500 кв/м.дан ортиқ бўлганлар учун – 0,6 фоиз.

бошқа аҳоли пунктларида жойлашган, умумий майдони 200 кв метрдан ортиқ бўлган уй-жойлар ва квартиралар, дала ҳовли иморатлари учун – 0,45 фоиз этиб белгиланмоқда.