Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Солиқ қонунчилигида қандай ўзгаришлар бор?

Самарқанд шаҳрида солиқ қонунчилигидаги янгиликларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида ўтказилган кўргазмали семинарда бу саволларга жавоб топилди.

Унда Cолиқ қўмитаси масъуллари 2023 йил 28 декабрдаги “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан Солиқ кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида тадбиркорларга батафсил маълумот берди.

Қайд этилишича, Солиқ кодексининг 100-моддасидаги ўзгартиришга кўра, солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш шартларига камерал солиқ текширув натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқлар суммаларини солиқ органи томонидан қабул қилинган қарор кучга кирган кундан эътиборан олти ой мобайнида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилди. Кодекснинг фойда солиғини тўлаш тўғрисидаги 340-моддасида фойда солиғи бўйича ҳар ойнинг 15-санасидан кечиктирмай тўланадиган бўнак тўловларини тўлаши лозим бўлган тадбиркорлик субъектлари даромадининг чегаравий миқдори 5 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмга оширилиши белгиланди.

– Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида ёки товарларни (хизматларни) реализaция қилишдан олинган даромади солиқ даврида 100 миллион сўмдан ошган кундан эътиборан якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда солиққа тортилади, - дейди вилоят солиқ бошқармаси шуъба бошлиғи Б.Солиев. - Бунда ўзини-ўзи банд қилган шахслар ижтимоий солиқни Солиқ кодексида белгиланган тартибда тўлайди. Бир хил фаолият турларини амалга оширувчи ўзини ўзи банд қилган шахс сифатидан рўйхатдан ўтганлар умуман солиқ тўламай, лекин худди шу фаолиятни амалга оширувчи ЯТТлар солиқ тўлар эди. Мисол учун, Самарқанд туманида миллий нон ва патирни тайёрлаш, сотиш фаолияти билан шуғулланувчи ўзини ўзи банд қилган фуқаро З.Омонова 2023 йил январь-август ойларида 817,7 миллион сўмлик товар айланмасини амалга оширган. Худди шундай фаолияти билан шуғулланаётган якка тартибдаги тадбиркор ушбу миқдордаги товар айланмадан 4 фоизли ставкада 33 миллион сўм айланмадан олинадиган солиқни тўлайди. Мазкур ўзгариш якка тартибдаги тадбиркор ва ўз-ўзини банд қилган шахсларга солиқ солишда тенг шароит яратади.

Семинарда иштирокчилар солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришлар бўйича тайёрланган тарғибот материаллари билан танишди.