Жисмоний шахслар қурилиши тугалланмаган нотурар объектлар учун мол-мулк солиғи тўлайдими?

-  Қурилиши тугалланмаган яшаш учун мўлжалланмаган объектлар жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғининг солиқ солиш объекти ҳисобланади.

Қурилиши тугалланмаган яшаш учун мўлжалланмаган обектларга ушбу объектни қуришга доир лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган норматив муддатда қурилиши тугалланмаган объектлар, агар қурилишнинг норматив муддати белгиланмаган бўлса, ушбу объектнинг қурилишига ваколатли бўлган органнинг рухсатномаси олинган ойдан эътиборан 24 ой ичида қурилиши тугалланмаган объектларга киради.

Солиқ солиш объектларининг кадастр қиймати кўчмас мулкнинг солиқ базаси ҳисобланади. Солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида солиқ базаси 42 миллион сўмдан кам бўлиши мумкин эмас.

Солиқ солиш объектининг баҳоси мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкнинг шартли қиймати қуйидагича ҳисобланади:

- Тошкент ва Нукус шаҳарларида, шунингдек, вилоят марказларида юқорида кўрсатилган сумманинг 5 баравари миқдорида (5 х 42 миллион сўм = 210 миллион сўм);

- бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда — 2 баравари (2 х 42 миллион сўм = 84 млн сўм).

Норматив муддатда қурилиши тугалланмаган яшаш учун мўлжалланмаган объектларга нисбатан солиқ ставкаси 3 фоиз миқдорида белгиланади.

Саволга вилоят Давлат солиқ бошқармаси шуъба бошлиғи Бекзод САЛИЕВ жавоб берди.

***

Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.