Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўртоқ бошлиқ, идорангизда юрист борми?

Яшириб нима қилдик: юридик хизмат, юрисконсульт деганда кўпчиликнинг кўз ўнгига шунчаки расмиятчилик учун ишлаётган ҳуқуқшунос келади. Шунинг учун кўпчилик идоралар улар учун штат ажратмайди.

Хўш, битта идорага юрист керакми? Улар аслида қандай бўлмоғи, нима иш қилмоғи керак?

Биринчидан, ҳар бир давлат идорасига бир нафар юрист керак. Буни Президентимиз  2017 йил 19 январдаги «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида алоҳида белгилаб қўйди. Яъни, қарор билан давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимлари лавозимга мажбурий тартибда Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда тайинланадиган ва озод қилинадиган бўлди. Бундан ташқари, адлия органларига юридик хизмат фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик талабларини бузган давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарларига нисбатан интизомий иш юритишни қўзғатиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқи берилди.

Иккинчидан, ҳуқуқшунос чуқур билимли, дунёқараши кенг, замон билан ҳамнафас, қонун устуворлигини таъминлашга масъул мутахассис бўлиши лозим.

Учинчидан, юридик хизмат ходими ташкилотда буйруқлар, фармойишлар, шартномалар ва юридик хусусиятга эга бўлган бошқа ҳужжатларнинг лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказади, унинг қонунга мослигини таъминлайди. Шунингдек, ўзининг ташкилоти иштирокида вужудга келадиган ҳар қандайц низоларни судгача ҳал этиш юзасидан чоралар кўради. Бу норма, ўз навбатида, давлат органларида қабул қилинадиган ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериш, уларни ижрога қаратишдан олдин “фильтр”дан ўтказиш масалаларини кўзда тутади.

Табиийки, юридик хизмат ходимларига белгилаб берилган бундай масъулиятли вазифаларни амалга оширишда ҳамда фаолиятини изчил олиб боришда етарлича шарт-шароит ҳам бўлиши лозим. Жумладан, юридик хизмат ходимининг иш жойини моддий-техника жиҳатидан жиҳозлашга доир минимал талаблар белгиланган.

Хўш, Пахтачи туманида юридик хизмат ходимларининг иш жойи минимал талабларга мувофиқ таъминланганми?

Шу саволга жавоб топиш мақсадида туман адлия бўлими томонидан Пахтачи туман давлат солиқ инспекцияси ҳамда туман мактабгача таълим муассасасида юридик хизмат ходимига меҳнат фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилганлиги ўрганилди. Натижада ушбу бўлимларнинг юрисконсульти учун юридик хизмати ходимларининг иш жойини моддий-техника жиҳатидан жиҳозлашга доир минимал талаблар яратилмаганлиги аниқланди. Шу сабабли бу муассасаларга нисбатан таъсир чоралари киритилди.

Бундан англанадики, корхона-ташкилот раҳбарлари, аввало, идорасида юридик хизмат – ҳуқуқшунос штатини ташкил этиши лозим. Ва албатта уларнинг самарали ишлаши учун зарур шароитларни яратиб қўйиши ҳам шарт.

Нуриддин ГУБАЕВ,

Пахтачи туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси.